
Жамоат транспорти сифати аҳоли кайфиятига бевосита таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади.
Шу боисдан ҳам сўнгги йилларда пойтахт ва ҳудудларда жамоат транспорти хизмати сифатини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Хитойдан энг замонавий автобус ва электробуслар харид қилиниб, пойтахт ва ҳудудларда қатновга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик яратди. Натижада одамларнинг жамоат транспортига ишончи ортмоқда – шахсий автомобилдан кўра, жамоат транспортидан фойдаланишни афзал кўраётганлар кўпайяпти.
Тўғри-да, ёзда салқин, қишда иссиқ автобусда манзилга тез етиб олиш кимга ёқмайди? Аввалгидек, бекатларда кутишлар йўқ, тўловлар онлайн. Жамоат транспортида нақд пулга эҳтиёж йўқ. Хуллас, ёшу кекса жамоат транспорти хизматидаги бу ўзгаришлардан мамнун. Энди буни янада яхшилаш, аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, янги аҳоли массивларини қамраб олиш бўйича янги қатновларни жорий этиш, замонавий жамоат транспорти воситалари сонини ошириш, уларга техник хизмат кўрсатишни ривожлантириш зарур. Жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил қилиш масаласи ҳам катта аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, аҳолининг йўл ҳаракати маданиятини ошириш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш каби долзарб масалалар ҳам бор.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 9 июль куни ўтказилган йиғилишда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари кун тартибида бўлди.
Йиғилишда маълум қилинишича, охирги 7 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилган.
Шаҳарларда жамоат транспорти учун махсус йўлаклар ташкил қилинди.
Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл маданиятини ошириш мақсадида ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўтган ойда ҳайдовчиларга берилган қатор енгилликлар ислоҳотлар мазмуни жазолаш эмас, маданиятга чақириш устуворлигига асослангани намунасидир. Йўлларда ҳаракатланишни осонлаштириш мақсадида, йўл чизиқларини босиш ҳолатларини камера орқали фиксация қилиш бекор қилинди. Жамоат транспорти учун мўлжалланган тасмаларда кечқурун бошқа ҳайдовчилар ҳам юришига рухсат берилди. Шаҳарларда йўлларни кундузи таъмирлаш тақиқланиб, радар бор жойда йўл белгисини ўрнатиш мажбурияти белгиланди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларига ҳам тўхталди. Хусусан, ўтган йили 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси қарийб 9 минг фуқаронинг жароҳат олиши, 2 минг 203 нафар одамнинг ўлимига сабаб бўлгани танқид қилинди. Авариялар сони юқори бўлган ва энг паст ҳудудлар маълум қилиниб, ушбу масалада асло хотиржамлик ва масълиятсизликка берилмаслик зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда қуйидаги янги тартиблар жорий этилиши айтилди.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида йил якунигача ер ости ва ер усти қайрилиш ҳамда пиёдалар ўтиш жойлари, замонавий нур қайтарувчи йўл белгилари ва чизиқлари бўйича эҳтиёж ўрганилиб, техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилиши билдирилди.
Билдирилишича, пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади. Бунинг учун, Тошкент халқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15-20 километрга узайтирилади, 6 та янги маршрут қўшилади. Бу эса Тошкент вилояти аҳолиси учун катта қулайлик яратади.
“Маршрутлар узайса, кутиш вақти кўпаяди”, деб аҳоли хавотирга тушмасин. Сентябргача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна 1 мингта автобус олиб келамиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзгаришлар ҳам узоқ куттирмайди. Янги тизим пойтахт ва Тошкент вилояти учун 1 сентябрдан, йирик шаҳарларда эса келаси йили 1 январдан жорий қилинади.
Шунингдек, автобус ва микроавтобуслар утилизация йиғимидан уч йиллик имтиёзга эга бўлди. Жамоат транспортига божхона божидан уч йиллик имтиёз берилди.
Йиғилишда билдирилишича, пойтахтдаги тирбандликларни камайтириш мақсадида “Интеллектуал транспорт” ахборот тизими ишга туширилади. Ушбу тизимга Тошкент шаҳридаги 700 дан зиёд чорраҳа ва улардаги барча светофор, фото ва видеокузатув мосламалари уланиб, транспорт оқимига қараб светофорларни масофадан бошқариш ҳисобига тирбандликлар 25-30 фоизга камайиши мумкин.
Президент топшириғига кўра, 15 минг нафар ҳайдовчилар ўртасида ўтказилган сўровда пойтахтда ҳам, йирик шаҳарларда ҳам қонуний “парковкалар” етишмагани учун улар машинасини йўл бўйига қўйишга мажбурлигини билдирган.
“Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ”, – деди Президент.
Мутасаддиларга барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш, аҳолига ноқулайлик яратаётган “парковкалар” ҳудудларида фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Эндиликда мактаб ўқувчилари ва маҳалладаги ёшлар ўртасида “Яшил чироқ” мусобақалари қайта тикланиб, республика ғолибларига Президент совғаси берилади.
Давлат раҳбарининг жон куйдирганича ҳам бор. Йўл қоидасига риоя этиш, йўлларда ҳаракатланиш маданияти миллатнинг ташқи имижига ҳам таъсир этувчи масала. Йўл маданияти аҳоли кайфиятига, кишиларнинг хавфсизлигига, инсон вақтининг сарфланишига, оилалар тўкислиги ва болалар бахтиёр улғайишига таъсир этади. Бу эса жамиятда тартиб ва бирдамликнинг борлигига хизмат қилади. Юртимизга келган меҳмонлар йўл ҳаракати маданиятимизга қараб бизга баҳо беришади.
Йўл инфратузилмасининг ривожланиши, жамоат транспорти тизимида хизмат кўрсатувчиларни қўллаб-қувватлаш эса иқтисодий тараққиёт баробарида, аҳолида ижобий кайфиятнинг барқарорлигига ишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур масалаларга қаратган алоҳида эътиборида ҳам, аввало, инсонларни рози қилиш, юрт тараққиётида транспорт тизими имкониятларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш каби мақсадлар мужассам.