
Унинг узунлиги 7 километр бўлади ва қурилиш давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилади.
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари орасидаги Тахтақорача довонида пулли туннел қурилади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов парламент йиғилишида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, туннел узунлиги 7 километр бўлади ва қурилиш давлат-хусусий шерикчилиги асосида амалга оширилади.
«Туннел қуришга талабгорларда техник-иқтисодий асосларини тақдим қилиш масаласи қолди. Август ойида учта талабгордан бири ғолиб деб топилади ва у билан туннел қуриш ишлари бошланади. Мукаммал ишлаб чиқилаётган лойиҳавий ишларни бу йил битказиб, талабгорни аниқлаб, у билан шартнома тузамиз», деди вазир.
Тахтақорачада туннел қуриш бўйича президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда топшириқ берган эди. 2023 йил июлдаги йиғилишда у лойиҳа ҳамон йўқлигини танқид қилди. Шу йил октябр ойида Қашқадарё вилоятидаги йиғилишда туннел қуриш ишларини тезлаштириш бўйича топшириқ берди.