"Махсус иқтисодий ва саноат зоналарида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Махсус иқтисодий ва саноат зоналарини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашда қуйидаги устувор йўналишлар инобатга олинади:
- махсус иқтисодий ва саноат зоналарига ер майдони ажратиш ва мавжудларини кенгайтиришда ҳудуднинг инфратузилма билан таъминлаш имкониятларини чуқур ўрганиш;
- ишлаб чиқариш қувватларини биринчи навбатда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига эга бўлган ҳудудларда жойлаштириш;
- инфратузилма объектларини қуришда илғор хорижий тажрибалардан кенг фойдаланиш, энергия тежамкор технологиялар ва муқобил энергия воситаларини жорий этиш чораларини кўриш;
- тўғридан тўғри инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини давлат ҳисобидан таъминлашга ажратилган маблағлар миқдорини ошириб бориш;
- инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда «яшил инфратузилма» лойиҳалари ва иқлим ўзгариши омилларини инобатга олиш.
Шундай тартиб ўрнатиладики:
- янги махсус иқтисодий ва саноат зоналари фақат инфратузилма мавжуд бўлган ёки тегишли инфратузилма билан таъминлаш иқтисодий асосланган, молиявий ва ижтимоий самарадорлиги ҳисобланган бизнес-режаси мавжуд бўлган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларида ташкил этилади;
- ер майдонлари ажратилиб, ҳудуднинг бош режаси ва мастер режаси ишлаб чиқилганидан сўнг, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектлари махсус иқтисодий ва саноат зоналарининг чегарасигача қуриб берилади;
- махсус иқтисодий ва саноат зоналарида инвестиция лойиҳалари биринчи навбатда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига эга бўлган ҳудудларда жойлаштирилади;
- махсус иқтисодий ва саноат зоналарда энергия тежамкор технологиялар, муқобил энергия воситаларини ўрнатиш ва «яшил инфратузилма» лойиҳаларини жорий этиш асосида энергия ресурслари истеъмолини тежаш чоралари кўрилади;
- махсус иқтисодий ва саноат зоналарида жойлаштирилган объектларга электр энергиясини узатишни узиб қўйиш ёки чеклашга йўл қўйилмайди, электр энергияси учун қарздорлик ҳолатлари бундан мустасно;
- объектларни лойиҳалаштиришда замонавий стандартларни кенг жорий қилиш, жумладан, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан, экологик тоза ва энергия самарадорлиги юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш инобатга олинмаган объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмайди.