Йўл ҳаракатига оид маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби бўйича йўриқнома тасдиқланади

Yangiliklar  ●  4 months ago

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқнома Йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсларга нисбатан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) томонидан қоидаларнинг бузилишига доир маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар (маъмурий иш ҳужжатлари)ни расмийлаштириш, кўриб чиқиш, шунингдек, фуқароларнинг қоидаларнинг бузилишига доир маъмурий иш ҳужжатлари бўйича мурожаатларини «ягона дарча», «экстерриториаллик» ва open space тамойиллари асосида кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

Маъмурий иш ҳужжатларини ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида расмийлаштириш ҳамда кўриб чиқиш тартиби Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонунлар, президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, йўриқнома билан белгиланади.

Қоидаларнинг бузилишига доир ишларни кўриб чиқишнинг вазифалари ҳар бир ишнинг ҳолатини ўз вақтида, ҳар томонлама, тўла ва объектив равишда аниқлаб чиқишдан, бу ишни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳолда ҳал этишдан, чиқарилган қарорнинг ижросини таъминлашдан, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитларни аниқлашдан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан, қонунийликни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Қоидаларнинг бузилишига доир ишлар қонунийликка қатъий амал қилиш асосида кўриб чиқилади. Қоидаларнинг бузилиши учун таъсир чораларини қўллаш чоғида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ваколатли юқори турувчи органлар, мансабдор шахс ва прокурорнинг мунтазам назорати, шикоят қилиш ҳуқуқи ва қонунчиликда белгиланган бошқа усуллар билан таъминланади.

Қоидаларни бузган шахсга нисбатан ДЙҲХХнинг ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида маъмурий ишнинг ҳужжатлари электрон шаклда махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобил қурилма (планшет) ёки компютер ёрдамида «Маъмурий амалиёт» модули орқали расмийлаштирилади.

Қуйидаги ҳужжатлар маъмурий иш ҳужжатлари ҳисобланади:

электрон ёки қоғоз шаклдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар (маъмурий баённома);
электрон ёки қоғоз шаклдаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар.

Қоғоз шаклидаги маъмурий баённомалар қатъий ҳисобдаги ҳужжатлар ҳисобланади ва қоғоз шаклида расмийлаштирилган барча маъмурий иш ҳужжатлари бевосита ДЙҲХХ ходимларида сақланади.

Маъмурий ишларнинг ҳужжатларини қоғоз шаклида юритиш зарурати юзага келганда, ушбу ҳужжатлар pdf форматида сканер (нусха) қилинган ҳолда «Маъмурий амалиёт» модулига планшет ёки компютер орқали электрон шаклда киритилади.

Қоғоз шаклдаги маъмурий ишлар ҳужжатлари ёзувлар аниқ ҳолда кўк ёки қора рангли сиёҳлар (паста) билан қайд этилади. Унда ўчириб ёзишга, тузатишга ёки илгари қайд этилган ёзувларни тузатиш, махсус воситалар ёрдамида йўқотишга йўл қўйилмайди.

Маъмурий иш ҳужжатлари «Фуқароларнинг биометрик ҳужжатлари электрон тизими» ёки дактилоскопик таққослаш ёхуд мултибиометрик идентификация қилиш дастурлари орқали ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаган ҳолда электрон рақамли имзо ёки электрон график имзо ҳамда QR код (матрица штрихли код) билан тасдиқланади.

Маъмурий иш ҳужжатларини расмийлаштирган ДЙҲХХ ходимлари ушбу ҳужжатлардаги шахсга, транспорт воситасига ва содир этилган қоидабузарликка доир маълумотларни планшет (қоғоз шаклдаги маъмурий ишлар ҳужжатлари)га тўғри киритилишига шахсан жавоб беради.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...