
Бу ҳақда ҳукуматлараро 20 йиллик шартнома имзоланди.
Таъкидланишича, Роғун ГЭС томонидан етказиб бериладиган электр энергияси нархи 1 кВт·соат учун 3,4 АҚШ центини (≈ 435 сўм) ташкил этади.
Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан электр энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги Битим лойиҳасини тасдиқлаш ва имзолаш тўғрисида фармойиш чиқарди.
Тожикистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган ҳужжат лойиҳасида Роғун ГЭС томонидан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш кўзда тутилган.
Электр энергиясини етказиб бериш ҳажми ва шартлари «Роғун ГЭС» ОАЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖ ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги алоҳида битим билан белгиланади.
Роғун ГЭС томонидан етказиб бериладиган электр энергияси нархи 1 кВт·соат учун 3,4 АҚШ центини (≈ 435 сўм) ташкил этади ва шартноманинг бутун муддати учун белгиланган нархнинг бир фоизи миқдорида йиллик индексация қилинади. Бунда индексация режалаштирилган электр таъминотининг иккинчи йилидан бошлаб қўлланилади.
Роғун ГЭС томонидан электр энергияси Ўзбекистонга икки давлат тизим операторлари томонидан келишилган жадвалга мувофиқ, асосан, Ўзбекистон электр энергетика тизимида режали қувват тақчиллиги бўлган вақтларда давлатлараро электр узатиш линиялари орқали етказиб берилади.
Роғун электр энергиясини Ўзбекистонга етказиб бериш «Барқи тожик» ОАЖ томонидан электр энергиясини етказиб бериш билан параллел равишда амалга оширилади.
Роғун ГЭС қурилиши жараёнида электр энергияси таъминоти фақат вегетация даврида (1 апрелидан 30 сентябргача) таъминланади. ГЭС тўлиқ қувватда ишга туширилгач, бир йил давомида ҳар ой электр энергияси етказиб берилади.
Шартнома 20 йилга мўлжалланган ва яна 10 йиллик даврларга узайтирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, «Барқи тожик» 2018 йилдан буён вегетация даврида Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бермоқда.
Қуввати 3780 МВт бўлиши кутилаётган Роғун ГЭС Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станциядир. ГЭС тўлиқ ишга туширилгач, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 14,4 миллиард кВт·соатни ташкил этиши кутилмоқда.
Станцияда қуввати 630 МВт бўлган 6 та блок қурилмоқда, улардан сўнггиси 2029 йилда ишга туширилиши керак. Айни пайтда 2018 ва 2019 йилларда ишга туширилган иккита агрегат паст қувватда ишламоқда.
Тожикистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Роғун ГЭС 1 миллиард 220 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарган. Бу республикада ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг 5,5 фоизини ташкил этади.