
У Марказий Осиё давлатлари орасида энг хавфсиз мамлакат бўлди. Қозоғистон 73-ўринда, Қирғизистон 101-ўринда жойлашди.
Numbeo сайтида эълон қилинган 2025 йил ярим йиллиги бўйича халқаро жиноятчилик даражаси индексида Ўзбекистон хавфсизлик бўйича 25-ўринни эгаллади (73,4 индекс). Рейтинг Crime Index — жиноятлар индекси ва Safety Index — хавфсизлик индекслари асосида тузилади. Жиноятлар индексида пастроқ балл олган мамлакат шунчалик хавфсиз ҳисобланади.
2025 йил биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ушбу индекс бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида энг хавфсиз мамлакат бўлди. Қозоғистон 73-ўринда (54,4), Қирғизистон — 101-ўринда (48) жойлашди. Рейтингга Туркманистон ва Тожикистон киритилмаган.
Numbeo маълумотларига кўра, рейтингда Ўзбекистон хавфсизлик борасида Руанда ва Финляндиядан орқада, Чехия ва Швейцариядан олдинда бормоқда.
Жиноят энг кўп содир бўладиган мамлакат сифатида Гаити тан олинган бўлиб, ушбу рейтингда биринчи турибди. Шунингдек, жиноятчилик юқори бўлган давлатлар бешталигига Папуа-Янги Гвинея (80,7), Венесуэла (80,5), Афғонистон (75,2) ва Жанубий Африка (74,6) давлатлари кирди.
Энг хавфсиз мамлакатлар деб эса БАА, Андорра ва Қатар тан олинди.
Ушбу рейтинг веб-сайтга ташриф буюрган фойдаланувчилар томонидан тўлдирилган сўровномаларга асосланган бўлиб, улар илмий ва давлат ташкилотлари томонидан олиб бориладиган сўровномаларга ўхшаш тарзда тузилган. Индекс узлуксиз янгиланиб туради ва сўнгги 5 йил ичида тўпланган маълумотларга асосланади. Бундан ташқари, ярим йиллик индекс йилига икки марта энг сўнгги маълумотларни тарихий кўрсаткичлар билан бирлаштириш орқали ҳисоблаб чиқилади.
Жиноят индекси — бу шаҳарда ёки мамлакатда жиноятчилик даражасининг умумий баҳосини билдиради. Хавфсизлик индекси эса, асосан, Жиноят индексининг тескарисидир. Юқори хавфсизлик индексига эга шаҳар жуда хавфсиз ҳисобланади.
Жиноят индекси жиноятчилик даражаси ҳақида умумий фикр, кундузги ва тунги вақтларда ўзини хавфсиз ҳис қилиш даражаси, маълум турдаги жиноятлар ҳақида хавотир (тунда талончилик, ўғрилик, автомобиль ўғрилиги, жисмоний ҳамла, жамоат жойларида безорилик ва камситишга асосланган жиноятлар), мулкка оид жиноятлар, зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар ҳақидаги саволларга асосланади.