
Ҳар қандай баҳонинг ортида фактлар турса, фикр ҳам ўз таъсирини йўқотмайди.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда инсон ўлими билан боғлиқ жиноятлар ҳақда хабарлар кўпайганини кузатяпмиз. Бир неча ўлим ҳолатининг кетма-кет ёритилиши жамиятда хавотир уйғотиши табиий. Бироқ бундай вазиятда ҳодисаларни эмоционал баҳолашдан олдин, уларга асосли ёндашиш керак бўлади.
Жамиятда хавфсизлик даражасини баҳолашда жаҳон миқёсида қабул қилинган кўрсаткичлар мавжуд. Шулардан бири – Numbeo халқаро платформаси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган жиноятчилик индекси. 2024 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистон ушбу рўйхатда 147 давлат орасида 121-ўринни эгаллаган.
Рейтингдаги ўринлар ҳудудда жиноятчилик даражасини ифодалайди. Яъни, ўрин қанча юқори бўлса, ўша давлатда жиноят шунча кўпроқ эканини билдиради. Масалан, биринчи ўринда турган Венесуэлада жиноятлар жуда кўп, одамлар ўзини хавфда ҳис қилади.
Ўзбекистонда эса жиноятчилик индекси 30,5, хавфсизлик индекси 69,5 балл этиб баҳоланган. Бу дегани, юртимизда барқарорлик, ижтимоий осойишталик ва кенг аҳоли қатлами учун қулай муҳит мавжуд. Кўрсаткичлар мамлакатда қонун устуворлиги, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарасини англатади.
Минтақавий қиёсда бу ҳолат янада ойдинлашади. Қозоғистонда жиноятчилик индекси 45,9 балл, Қирғизистонда эса 54 балл этиб баҳоланган. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг хавфсизлик борасида нафақат минтақа, балки кенг жаҳон миқёсида ҳам юқори ўринда эканини кўрсатади. Аниқроғи, рўйхатдаги 147 давлатдан бор-йўғи 26 таси бизнинг кўрсаткичлардан яхшироқ натижа қайд этган.
Албатта, ҳар қандай баҳонинг ортида фактлар турса, фикр ҳам ўз таъсирини йўқотмайди. Жаҳон банки томонидан эълон қилинган расмий маълумотларга қараганда, 2021 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг нафар аҳолига тўғри келган қасддан одам ўлдириш ҳолатлари сони бор-йўғи 1 тани ташкил этган. Бу рақам жаҳон бўйича ўртача даражадан камида беш баробар паст.
Таъкидлаш жоизки, Россия, АҚШ, Бразилия, Қозоғистон, Туркия каби мамлакатларда бу кўрсаткич анча юқори. Ўзбекистон бу борада нафақат қўшнилардан, балки ривожланган давлатларнинг кўпчилигидан ҳам яхшироқ натижани кўрсатмоқда.
Буни шунчаки “рақам яхши” деб қабул қилиш хато. Тўғри, бир қарашда бу рақамлар таскиндек туюлади. Бироқ улар инсон тақдирини тўлиқ ифода эта олмаслигини ҳам унутмаслик керак. Бу каби статистика ортида кимнингдир йўқотган яқини, сўнган умиди, барвақт узилган бир умри ётади. Шу боис, жиноятчилик даражаси паст экан, деган гап тўлиқ хотиржамликка берилиш учун асос бўлолмайди ва бўлмаслиги ҳам керак. Аслида, битта инсон ҳаётининг нохуш тугашиям бутун бошли жамият учун жуда катта йўқотишдир.
Шу маънода юқоридаги рейтинг-кўрсаткичлардан жамиятдаги кайфиятни ҳам ифодалайди. Кўчада тинч юра олиш, кечаси ҳам ўзингни бехатар ҳис қилиш, аслида, шулар рақамлардан кўра муҳимроқ кўрсаткичлардир. Ва айнан шулар орқали биз хавфсизликни англаймиз. Чунки ҳақиқий хавфсизлик бу фақат жиноят содир этилмаган муҳит эмас, бу одамлар бир-бирини сўзсиз тушуниб, ўзаро ҳурмат билан яшайдиган жамият демакдир.
Ғанишер Эшматов.