Покистон ва Россияда оғир аҳволда қолган икки ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Yangiliklar  ●  3 months ago

Покистон ва Россияда оғир аҳволда қолган икки ўзбекистонлик ватанга қайтарилганини маълум қилди.

“Дунё” ахборот агентлиги  хабар қилишича, Покистондаги Ўзбекистон фуқароси Э.Х. мамлакат элчихонасига мурожаат қилиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолганини, вақтинчалик турар жой ва кундалик эҳтиёжлар учун зарур маблағга эга эмаслигини маълум қилиб, ёрдам сўраган.

Унинг мурожаати элчихона томонидан назоратга олиниб, қисқа фурсат ичида зарур консуллик-ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрилди. Унга Ўзбекистонга қайтиш учун тегишли консуллик гувоҳномаси расмийлаштирилди ва элчихона ходимлари ҳамда ҳомийлар кўмагида авиачипта харид қилинди.

Фуқаро куни кеча Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Исломобод—Тошкент авиарейси билан ватанга қайтарилди.

Маълум қилинишича, Челябинск вилояти Киштим туманида жойлашган “Русские пряники” корхонасида вақтинча ишлаш учун борган ўзбекистонлик С.А. Бош консулхона дипломатлари билан учрашув чоғида моддий томондан қийин аҳволда қолгани сабабли доимий яшаш манзилига етиб олиши учун ёрдам сўраган.

Ўтказилган суҳбат давомида маълум бўлишича, С.А. шу йил май ойида ташкиллаштирилган тартибда мазкур корхонага ишга келган. Унинг Челябинск вилоятига етиб келгунига қадар йўл харажатлари, ётоқхона ва бошқа кўринишдаги тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилган.

Фуқаро вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат берувчи патентни расмийлаштириш мақсадида уч маротаба имтиҳон топширган. Аммо рус тилини билиш даражасини берувчи сертификатни расмийлаштира олмагани сабабли Россияда ноқонуний ҳуқуқий мақомда қолган.

Уни Ўзбекистонга қайтариш учун Екатеринбург шаҳрига олиб келинди ва вақтинча бошпана билан таъминланди. Шундан сўнг Ўзбекистон дипломатлари ва фаол ватандошлар кўмагида Екатеринбур—Тошкент авиарейсига чипта харид қилиб берилди.

19 июль куни Екатеринбург—Тошкент йўналиши бўйича самолётда Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари томонидан доимий яшаш манзилига кузатилди.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...