“Пивоми ёки дарахт”: янги сиёсий риторика нима учун қонунга зид?

Yangiliklar  ●  3 months ago

Кутилмаганда, тадбирдан икки ҳафта ўтиб, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган “Пиво фестивали” мавзуси жамиятни яна бўлинишга олиб келмоқда.

Бу баҳсни “Миллий тикланиш” партияси раиси ўринбосари Феруза Мухамеджанованинг “Дарахт кесилишига исён, пиво фестивалига сукунат” деб номланган танқидий пости очди.

Биринчи қарашда, ушбу пост гўё “миллий қадриятларни ҳимоя қилиш” учун ёзилгандек. Аммо сиёсатчи тўғридан тўғри Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланган дунёвийлик тамойилига қарши чиқмоқда.

Бу ерда эътиборга олинадиган муҳим нуқта: дунёвийлик – бу миллий ё диний қадриятларга зидлик эмас, балки давлатнинг ҳеч қайси диний мафкурани ягона эътибор нуқтасига айлантирмаслиги, жамиятда турфа хилликни таъминлаш принципидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси диндан ажратилган дунёвий давлатдир. Давлат динларнинг эмас, фуқароларнинг эркинлигини ҳимоя қилади” дея аниқ белгилаб қўйилган. Шу маънода, шахсий дунёқараш ва диний ёки анъанавий тушунчаларни давлат сиёсатини белгилайдиган мезон сифатида кўрсатиш – хатарли тенденция.

Пиво фестивали ва сиёсий манипуляция

2025 йил 25 февралда “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсатининг концепцияси” қабул қилинди. Концепцияда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат сифатидаги йўналишини яна бир бор ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб берди. Ушбу концепция нафақат виждон эркинлигини таъминлашга, балки диний эҳтиёж билан фуқаролик бурчи ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилган муҳим сиёсий ҳужжатдир.

Агар Феруза Муҳаммеджановнанинг чиқишига ушбу концепция орқали ёндашсак, савол туғилади: Ўзбекистон нима учун пиво фестивали ўтказилмаслиги керак? У айнан қайси қонунни бузди?

Фестиваллар, жумладан пиво фестиваллари, жаҳондаги кўплаб дунёвий давлатларда маданий ва иқтисодий туризмнинг бир қисми сифатида қаралади. Бу тадбирларнинг асосий мақсади – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, гастрономик туризмни ривожлантириш ва шаҳар маданиятини кўп қиррали тарзда намоён қилиш. Бу ерда давлат ўз фуқароларига алоҳида бир турмуш тарзини тиқиштирмаяпти, аксинча, шахсий танлов ва иштирок эркинлигини кафолатламоқда.

Демак, пиво фестивалини “миллий ўзликдан воз кечиш” деб баҳолаш – воқеликни бир томонлама, манипулятив талқин қилишдир. Қизиғи шундаки, айнан “Миллий тикланиш” партияси давлатнинг дунёвийлигига таянган ҳолда ўз сиёсий фаолиятини олиб боряпти. Хусусан, Феруза Мухамеджанова ҳам айнан шу тамойил асосида аёл сифатида камситилмай, ҳуқуқлари таъминланиб, сиёсий фаолиятини олиб бормоқда. Лекин керак пайтда ана шу дунёвийликка қарши чиқиб, ахлоқий ваҳимани қурол сифатида ишлатиш иккиюзламачилик эмасми?

Шу ўринда дарахт кесиш қонуний кучда бўлган “мораторий”ни бузиш эканини эслатиш жоиз.

Маънавият ва эркинлик – ўзаро қарама-қарши тушунчалар эмас

Ҳар қандай соғлом жамият ахлоқий қоидалар ва маданият меъёрлари асосида ривожланади. Аммо бу қоидалар турли ижтимоий қатлам, дин ва дунёқараш эгаларининг умумий розилиги асосида шаклланиши керак. Бир гуруҳ фаолнинг муайян диний ёки миллий манфаатларни “умуммиллий ахлоқ” сифатида кўрсатиши бошқаларнинг эркин ҳаётига аралашишга олиб келади.

Хориж тажрибасига мурожаат қилсак, Франция, Германия, Чехия, Бельгия, Нидерландия, Канада каби дунёвий давлатларда алкоголь маҳсулотлари атрофидаги фестиваллар анъанага айланган. Лекин бу мамлакатлар айнан дунёвийлик ва қонун устуворлиги асосида фуқаролар ҳуқуқини тўлиқ таъминлагани учун, жамиятда ахлоқий инқироз кузатилмайди, аксинча, дарахтлар ҳам кесилмайди, турли эътиқоддаги кишилар ўз динига ва қарашларига эркин амал қилади (қонун доирасида). Сабаби шахсий танлов ва жамоавий маданият ўртасидаги чегарани ҳар ким аниқ англайди.

Ўзбекистонда бундай тадбирлар атрофида фаол сиёсий риторика пайдо бўлиши жамиятдаги демократик онг ва ҳуқуқий маданиятнинг шаклланишидаги муаммолардан далолат беради.

Эркинликни фақат ўз қарашларига мувофиқ тарзда кўриш истаги сўз эркинлиги, шахсий дахлсизлик ва маданий хилмахиллик каби қадриятларга таҳдид солади.

Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги аниқ ёзилган. Бу модда нафақат декларатив баёнот, балки барча қонунчилик, сиёсат ва жамоат муносабатларининг меъёри бўлиб хизмат қилиши керак.

Дунёвийлик – барқарорлик кафолати

Ўзбекистоннинг барқарор ва инклюзив жамият бўлиб ривожланиши учун давлат дунёвийлик асосида барча қатламларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши шарт. Бу нафақат ички барқарорлик, балки ташқи имидж учун ҳам муҳим. Агар биз ҳар бир маданий тадбирни “миллий ўзликка хиёнат” деб баҳолайверсак, у ҳолда жамиятни ёпиқ, радикал, реакцион қарашлар доирасига қайтариш хавфи туғилади.

Пиво фестивали – бу фақат ичимлик эмас. Бу – танлов, маданий хилмахиллик ва дунёвийликни англаш синовидир. Кимдир уни танламаслиги мумкин, бу унинг ҳуқуқи. Аммо кимдир иштирок этишини маънавиятга қарши ҳаракат сифатида кўрсатиш – сиёсий манипуляциядир. Ва бу каби манипуляциялар қонун устуворлигига эмас, балки омма ҳиссиётига суянган ҳолда давлатнинг асосий тамойилларини заифлаштиришга хизмат қилади.

Машҳура Юнусова, журналист

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...