
Тадбиркорларнинг мурожаатлари доимий назоратга олиниб, ўз вазифасига маъсулиятсизлик билан қараган мансабдорларга чоралар кўрилиши давом этмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, Давлат назорат органлари ва хизмат кўрсатувчи идораларда тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг белгиланган тартиб ва муддатларга риоя этилиши доимий ўрганиб борилмоқда.
Хусусан Вакил девонининг Тошкент вилояти ҳудудий шўъбасига тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар ва мавжуд маълумотлар таҳлили асосида ўтказилган ўрганишларда айрим Давлат органларида мурожаат кўриб чиқишнинг белгиланган тартиб ва муддатларига мунтазам риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган.
Бу борада йўл қўйилган камчиликлар учун жами 74 нафар, шу жумладан 57 нафар хоким ёрдамчилари, 5 нафар солиқ, 3 нафардан тижорат банклари ва қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилувчи органлар ва 2 нафардан хокимият, агроинспекция ва бошқа назорат қилувчи идоралар мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жазо чоралари кўрилиши таъминланди.