Камчаткадаги ўзбекистонликлар зилзила сабаб огоҳликка чақирилди

Yangiliklar  ●  3 months ago

Зилзила вақтида жабрланган фуқаролар шифокорлар назоратида, барча беморларга зарур ёрдам кўрсатилмоқда, жиддий жароҳатланганлар қайд этилмаган.

Камчаткада 30 июль куни юз берган зилзиладан сўнг Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги бош консули Юсуп Кабулжанов Россиянинг Узоқ шарқий федерал округида бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.

“Бош консулхона Камчатка ўлкаси ва Сахалин вилояти ҳудудида вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини фавқулодда вазиятлар хизматлари кўрсатмаларига риоя қилишга ва хотиржамликни сақлашга чақиради”, дейилади мурожаатда.

Камчатка Соғлиқни сақлаш бошқармаси берган маълумотга кўра, зилзила вақтида жабрланган фуқаролар шифокорлар назоратида, барча беморларга зарур ёрдам кўрсатилмоқда, жиддий жароҳатланганлар қайд этилмаган. Жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги цунами хавфи сабаб Камчатка ўлкаси ва Сахалин вилояти қирғоқларидаги аҳолига юқорироқ ҳудудларга чиқишни ва сувга яқинлашмасликни тавсия қилмоқда.

Юсуп Кабулжанов зарурат туғилса, фуқаролар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирди:

+7 (423) 260-48-00

+7 (902) 078-70-07.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...