Икки ойда 73 минг ўзбекистонлик ўзига ўзи кредит олишни тақиқлади

Yangiliklar  ●  3 months ago

Хизматдан фойдаланганларнинг 34 фоизи – 26-35 ёш оралиғида.

Кредит ахборот-таҳлилий маркази июн ойидан “Кредитга тақиқ” хизматини ишга туширган эди. Бюронинг маълум қилишича, ўтган икки ойда 73 мингдан зиёд ўзбекистонлик ўзига ўзи кредит олишни тақиқлаган. Хизматдан фойдаланганларнинг 34 фоизи – 26-35 ёш оралиғида.

Ўзбекистонда 6 июндан эътиборан жисмоний шахслар ўз номига кредит расмийлаштирилишини тақиқлаш имкониятига эга бўлди. Бу хизмат бепул бўлиб, ундан давлат хизматлари марказлари, ЯИДХП (my.gov.uz) ва “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” бюроси сайтида фойдаланиш мумкин.

Бюронинг маълум қилишича, 1 август ҳолатига кўра, 73 346 ўзбекистонлик ушбу хизматдан фойдаланган. Шундан 22 197 нафари ёки 30 фоизи – аёллардир.

Ўз-ўзига кредит олишга тақиқ қўйганларнинг ёш кесимида тақсимоти қуйидагича:

  • 26 ёшгача (11 694 нафар) – 16 фоиз
  • 26-35 ёш (24 857 нафар) – 34 фоиз
  • 36-45 ёш (20 216 нафар)– 28 фоиз
  • 46-55 ёш (9856 нафар) – 13 фоиз
  • 56 ёшдан юқори (6723) – 9 фоиз

Маълумот учун, ушбу тақиқни фаоллаштириш орқали фуқаролар ўзлари бехабар бўлган ҳолда уларнинг номига кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олган бўлади.

Бу борадаги қонун шу йил март ойида имзоланган эди. Қонунга кўра, жисмоний шахсларга ўз номига кредит расмийлаштиришни тақиқлаш учун ёзма ёки электрон шаклда ЯИДХП, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюроларига мурожаат қилишлари мумкин. Тақиқ киритиш ҳам, тақиқни ечиш ҳам бепул амалга оширилади.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...