
Сўнгги 3 йилда ўзбек боғчалари янги даражага кўтарилганини ҳам тан олиш керак. Ота-оналарнинг айтишича, сўнгги йилларда болаларнинг боғчада вақт ўтказиш сифати ошмоқда.
Ҳозир “Психологик уруш” даврида яшаяпмиз. Эрамиздан аввалги 6 асрда яшаб ўтган хитойлик саркарда Сунь Цзи психологик урушнинг моҳиятини ўз қўлланмаларида очиқ – равшан қилиб ифодалаб берган. “Душманингиз мамлакатидаги ҳамма яхши нарсани пароканда қилинг” деб ёзар экан Сунь Цзи, “душман раҳбарларининг обрўсини тўкинг ва пайти келганда уларни жамоатчилик олдида изза қилинг”, деб “маслаҳат беради”. Бошдан дўппини олиб, ўйлаб қарасак, раҳбарларимизнинг ҳаммасини ёмонотлиқ қилиб бўлибмиз. Яхши одам, яхши раҳбар қолмабди, гўё.
Нима демоқчиман?
Сўнгги вақтларда гендер тенгликка амал қилинган ҳолда раҳбарликка, вазирлик ва ҳокимликларга ёш, шу билан бирга тажрибали аёллар раҳбар ёки ўринбосар сифатида тайинланмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам хотин-қизлар сонининг ошиши ижобий ҳол сифатида баҳоланмоқда. Буларнинг ҳаммасини қўллаб-қувватлаш керак. Кузатишларимга кўра, аёллар ўзларига билдирилган ишончни оқламоқда. Мисол тариқасида, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаеванинг фаолиятини, унинг мамлакатимиз ва халқаро майдондаги обрўсини келтиришимиз мумкин.
Шу билан бирга хотин-қизларнинг юқори мансабларга қўйилишига қаршилар оз бўлса-да учраб туришидан кўз юмаслигимиз керак. 2022 йил 30 декабрида Мактабгача ва мактаб таълими вазири этиб тайинлангандан бери Ҳилола Умарова ҳам танқидларнинг асосий нишони бўлиб келди. У амалга ошираётган ислоҳатларга имкон қадар соя солишга уринишлар бўлди. Танқид керак, аммо амалга оширилган ижобий ишларни кўриб кўрмасликка олиш ҳам нотўғри. Унинг вазир сифатида мактаб таълимида янги дастурлар, жумладан, энергетик саводхонлик, табиий фанларга қизиқишни ошириш каби йўналишларни илгари сурганига наҳотки эътибор бермаймиз? Эсимда, у вазир этиб тайинланганидан беш ой ўтиб Президентга таълимни ислоҳ қилиш лойиҳасини тақдим қилди. Вазир сифатида икки ярим йиллик фаолияти давомида Президентга жами 6 марта шу каби тақдимот бўлди. Бу ҳазилакам иш эмас.
У раҳбарлик қилган вазирлик – Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги деб аталади. Бу вазирлик совет даврида Маориф вазирлиги, мустақиллик йилларида Таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги деб юритилганидан хабаримиз бор. Вазирликка Ҳилола Умаров раҳбар этиб тайинлангач, урғуни мактабгача таълим соҳасига қаратгандек бўлди. Балки бу иш тўғри бўлгандир.
Вазирликда масофадан ёки “бир дарча” тамойили асосида 2022-2023-ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларининг шаҳодатномалари электрон шаклда берилиши ўзига хос янгилик эмасми? 2023-йил феврал ойидан бошлаб ўқитувчилар мурожаатлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган (vazir.uzedu.uz) вазир платформаси ишга туширилишичи? 1-синф ўқувчилари учун “Информатика ва ахборот технологиялари” фани жорий этилгани ҳам таҳсинга лойиқ иш эмасми? Инқилобий ўзгаришлардан бири мактабларнинг маънавият ва маърифат марказига ҳисобот топшириш тартиби бекор қилингани бўлди. Шунингдек, Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлашда туман (шаҳар) маънавият ва маърифат маркази томонидан тавсия бериш амалиёти бекор қилинди. Ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари тугатилди. Халқаро стандартлар асосида малака сертификатини олган педагог кадрларга тариф ставкасининг амалдаги миқдорларига нисбатан 70 фоиз миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши белгиланди. Ўқувчиларни 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўллга қўйилди.Хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш мақсадида мактабларга чет элдан “Тил эгалари” бўлган мутахассислар жалб қилинди. Педагогларга малака тоифаси беришнинг янги тартиби жорий қилинди.Ўқитувчилар малакасини табақалаштирилган ҳолда ошириш тизими жорий этилди. 500 та мактабда Президент мактабларининг баҳолаш тизими, 135 та мактабда танлов фанлари жорий этилди. “Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайди. Ўзбекистон 2026-йилда энг нуфузли Халқаро кимё ва Халқаро информатика олимпиадаларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Буюк Британиянинг Портсмут университетида 30 нафар мактаб директори малакаси оширилди.
Айтиш керакки, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ишлар, ислоҳотлар натижасида қўлга киритилган самараларда Ҳилола Умарованинг ҳам оз бўлса-да хизмати бор. Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълимга қамраб олинганлик кўрсаткичи 78 фоизга яқинлашди. 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмаганини кўпчилик билмаса ҳам керак. Янги очилган давлат ва хусусий боғчалар сабаб минглаб аёллар ишга қабул қилинганини, аёллар бандлиги 12% га ошганидан, мактабгача таълим муассасаларининг моддий техник базаси оширилганидан кўз юмиш адолатдан бўлмаса керак. Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгач, таълимнинг энг қуйи бўғинига қамровни оширишга жадал киришилди. Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўзи билан бунга эришиб бўлмасди. Тизимда хусусий секторга кенг йўл очиб берилди. Оилавий, хусусий, давлат-хусусий шериклиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Мактабгача таълимга қамраб олишда янги ёндашувлар, муқобил шакллар, тизим тарихида бўлмаган амалиётлар қўлланди. Бир нарсани очиқ айтиш керак, хусусий боғчаларга имконият яратилгани рақобат муҳитини яратди, боғчаларнинг сифати ошди. Сўнгги 3 йилда ўзбек боғчалари янги даражага кўтарилганини ҳам тан олиш керак. Ота-оналарнинг айтишича, сўнгги йилларда болаларнинг боғчада вақт ўтказиш сифати ошмоқда.
2025 йил 14 июлда Ҳилола Умарова Президент Маъмурияти раҳбарининг таълим ислоҳотлари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бир нарса аниқ, у тизимли ўзгаришларни амалга ошира оладиган ва амалий лойиҳаларга йўналган раҳбар сифатида намоён бўлди. Президент Маъмуриятига тайинланиши унинг сиёсий ишонч даражаси юқори эканини кўрсатди. Бу унинг Ўзбекистон таълим ислоҳотларида марказий ўрин тутаётгани, тизимли ва амалий ўзгаришларни бошқариш салоҳиятига эга раҳбар эканлигидан далолат.
Шарофиддин Тўлаганов