Трамп ва Путин ҳарбий базада учрашади – CNN

Yangiliklar  ●  4 months ago

Оқ уй ва Кремль раҳбарларининг саммити Анкориж шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасида бўлиб ўтиши таъкидланмоқда.

АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путиннинг 15 август куни Аляскада бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашуви Анкориж шаҳридаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда CNN телеканали Оқ уйнинг номи ошкор этилмаган икки расмийсига таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, дастлаб Оқ уй Россия етакчиси ва унинг ҳамроҳларини Америка ҳарбий объекти ҳудудида қабул қилинишини истамаган. Бироқ, Аляскада ҳозир сайёҳлик мавсумининг энг юқори чўққиси, шу туфайли учрашиш учун мос жойлар деярли қолмаган.

Оқ уй расмийлари Жуно, Анкориж ва Фербенксда музокаралар ўтказиш вариантларини кўриб чиққач, фақат Анкориж президентлар учрашиши мумкин бўлган потенциал объектга эга деган қарорга келган.

«Ташкилотчилар катта штатда саммит ўтказиш учун муносиб жой Анкориж бўлади, деган хулосага келди. Фақат шаҳарнинг шимолий чеккасида жойлашган Элмендорф-Ричардсон базаси тарихий учрашувни ўтказиш учун қўйилган талабларга жавоб беради», деб таъкидлади телеканал.

Бир кун аввал Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт Трамп ва Путин ўртасидаги музокаралар 15 август куни Анкорижда бўлиб ўтишини тасдиқлаган, бироқ учрашув жойи ҳақида аниқ маълумот бермаган эди.

Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти Украинадаги «урушга барҳам беришга қатъий қарор қилган». Левитт сўзларига кўра, «президент учун бу учрашувнинг мақсади – биз ҳарбий ҳаракатларга қандай барҳам беришимиз мумкинлигини яхшироқ тушунишдир».

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...