Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Yangiliklar  ●  3 months ago

Хорватияда танишлари борлигини айтиб, одамларни ишчи виза асосида ушбу мамлакатга ишга юбориш эвазига пул олган шахслар қўлга тушди.

ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Хорватияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди.

Қайд қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган ва муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилган шахс Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида истиқомат қилувчи 3 нафар фуқарога ўзини гўёки сайёҳлик фирма вакили сифатида таништириб, уларнинг ишончига кирган. Сўнгра Хорватияда танишлари борлигини айтиб, уларни ишчи виза асосида ушбу мамлакатга ишга юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари талаб қилади. Тошкентнинг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағидан 3000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Бу каби фирибгарлик ҳолати Наманган вилоятида ҳам қайд этилган. Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс алдов йўли билан 3 нафар ҳамшаҳарининг ишончига кирган. У ҳозир Хорватияда ишловчи акасининг кўмагида уларни ҳам юбориш эвазига ҳар биридан 2600 АҚШ доллари, жами 7800 АҚШ доллари талаб қилган. Ушбу пул маблағидан 3900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.

Ҳозир иккала ҳолатда ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...