Айрим оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратилади

Yangiliklar  ●  3 months ago

Имтиёз Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга берилади.

Ҳукумат қарори билан «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида айрим тоифадаги оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга қуйидаги харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартибини белгилайди:

– турар жойида артезиан қудуғи қазиш;

– сув насослари ва ичимлик суви фильтрларини харид қилиш ҳамда ўрнатиш.

Субсидия мазкур харажатларнинг 90 фоизи, бироқ БҲМ 30 бараваридан (12,3 млн сўм) кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун ажратилади.

Ушбу хизматлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» (ЯМИҲ) ахборот тизимининг Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга кўмаклашувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Субсидия олувчиларнинг вояга етган муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили «Инсон» маркази ёки маҳалладаги ижтимоий ходим орқали «ЯМИҲ» тизимида рўйхатдан ўтиши мумкин.

Тадбиркор белгиланган муддатда субсидия олувчининг турар жойига етиб бориши ҳамда артезиан қудуғини қазиши, сув насоси ва ичимлик сув фильтрини ўрнатиши лозим.

Ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш маъқуллангани ёки рад этилгани тўғрисидаги хабар «ЯМИҲ» тизимига автоматик равишда юборилади.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...