Зеленский атрофидагилар Трамп ва Путин музокаралари натижаларини баҳолади

Yangiliklar  ●  3 months ago

Украина президентига яқин манба вазиятни «жуда ғалати» деб атади.

АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путин саммити якунлари бўйича ҳеч қандай тараққиётга эришилмади, деб ҳисобламоқда Владимир Зеленский атрофидагилар. Бу ҳақда Financial Times мухбири Кристофер Миллер Украина президентига яқин манбаларга таяниб хабар берди.

Украина президентининг исми ошкор этилмаган ёрдамчиси Америка томони ҳозирча Зеленский билан алоқага чиқмаганини айтди ва вазиятни «жуда ғалати» деб атади. Украина етакчисига яқин бўлган яна бир суҳбатдош Аляскадаги учрашувни «аҳамиятсиз» деб таърифлади.

Трампнинг ўзи Путин билан матбуот анжуманида сўзга чиқиб, тез орада Зеленскийга, шунингдек, НАТО вакилларига қўнғироқ қилиб, саммит натижалари ҳақида маълумот беришини айтди.

«Тез орада НАТО вакилларига қўнғироқ қиламан. Мен ўзим муносиб деб билган бир қатор одамларга қўнғироқ қиламан. Мен, албатта, президент Зеленскийга қўнғироқ қилиб, бугунги учрашув ҳақида хабар бераман», деди у.

Трамп ва Путин 15 август куни Аляскада учрашди, якунда ҳеч қандай келишув бўлмади. АҚШ ва Россия президентлари Анкориждаги ҳарбий базада музокара олиб борди. Музокаралардан сўнг, Путин ва Трамп матбуот вакиллари олдига чиқиб, ўз баёнотларини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг президентлар журналистларнинг саволларига жавоб бермасдан зални тарк этди.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...