
Аёл 6 йилдан буён доимий тазйиқ остида яшаб келгани айтилмоқда.
«Немолчи.уз» лойиҳаси Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида эр ўз хотинини аёвсиз калтаклагани, «жабрланувчининг юзида соғ жой қолмагани» ҳақида хабар берди.
Воқеа ҳақида жабрланувчининг опаси инстаграмда хабар берган.
Жабрланувчи олти йил олдин турмуш қургани, ўтган вақт ичида турмуш ўртоғининг таҳқир ва калтакларига чидаб келгани, 16 август кунги калтакланиши сўнгги томчи бўлгани айтилади.
Маълум бўлишича, аёл эри ухлаб қолгунча кутиб, тонг саҳарда кичик ёшдаги фарзанди билан уйдан қочиб кетган. Постда эълон қилинган кузатув камераларидан олинган видеода аёлнинг уйдан деярли ҳеч нарсасиз, қўлида фақат боласини кўтариб чиққанини кўриш мумкин.
«Танишлари ва шунчаки бефарқ бўлмаган инсонлар томонидан пост кўплаб марта репост қилингач, жабрланувчининг турмуш ўртоғи ўзини оқлашга уриниб, “уни калтаклашига сабаблар борлиги”ни ва “агар у шафқатсиз бўлганида, уни тирик қолдирмаган бўлиши”ни айтди. Шунингдек, у постни тарқатганлар ва изоҳларда “билмасдан унинг нозик шахсияти”га тегиб қўйганларга нисбатан жазолаш билан таҳдид қилишдан тонмади», дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ изоҳ берди.
Қайд этилишича, 15 августдан 16 августга ўтар кечаси, тунги соат 02:30 ларда Термиз шаҳрининг Меҳрабод маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Э. ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ж.Э. ўртасида келиб чиққан оилавий низо оқибатида Т.Э. турмуш ўртоғининг юз-чакка ва қулоқ соҳасига уриб жароҳат етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилиши таъминланади.
«Шунингдек, ижтимоий тармоқларда келтирилган аёл турмуш ўртоғининг доимий тазйиқ ёки зўравонлиги остида бўлиб келгани важи илгари жабрланувчи ИИОга хабар бермаганини инобатга олган ҳолда, алоҳида ўрганилмоқда», – дейилади хабарда.