22-23 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Yangiliklar  ●  3 months ago

Маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўча ва йўлакларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари ташкил этилади. Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди.

Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 22-23 август кунлари «Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида фармойиш қабул қилди.

Хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

– маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп квартирали турар жойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўча ва йўлакларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва буташ ишларини ташкил этиш;

– ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашиш;

– ободонлаштириш тадбири иштирокчиларини зарур техника воситалари ва анжомлар билан таъминлаш;

– жойларда ободонлаштириш ишларини ўтказиш жараёнида тўпланган чиқиндиларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди ташкилот томонидан алоҳида белгиланган жойларга олиб чиқилишини таъминлаш;

– автомобил йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлари, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаёти ёки соғлигига хавф туғдириши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан тадбирлар ва бошқа ишларни амалга ошириш тақиқланганини қатъий назоратга олиш.

Таъкидланишича, хайрия ҳашарини ўтказишда аҳолини бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди.

Ҳашар тегишли ташкилотлар ҳудудида ободонлаштириш ишлари меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиши таъминланади.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...