
FIFA 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионати қуръаси санаси ва жойини белгилади.
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими шу йил 5 декабр куни Вашингтон шаҳридаги Кеннеди марказида бўлиб ўтади. Бу ҳақда ФИФА хабар берди.
«Жаҳон чемпионати тарихидаги энг йирик ва энг кўп кутилган қуръа маросимини АҚШ маданий юраги бўлган Кеннеди марказида ўтказиш биз учун шарафдир. Бу — турнирга тайёргарликдаги муҳим босқичи бўлиб, 2026 йилги энг йирик спорт тадбирига тайёргарликнинг асосий воқеаларидан бири ҳисобланади. Жамоа делегациялари, ҳамкорларимиз, ОАВ вакиллари ва энг муҳими, 16 та мезбон шаҳар мухлисларини АҚШ пойтахтида кутиб олишга интизормиз», деди ФИФА президенти Жанни Инфантино.
2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Унда 48 та миллий жамоа, жумладан, Ўзбекистон ҳам иштирок этади.