
Айдаркўл қирғоғидаги аэродромнинг йўлагини CASA C295W ҳарбий транспорт самолёти синовдан ўтказди.
L-410 ва ATR-72 минтақавий самолётларининг пайдо бўлиши билан Ўзбекистонда янги аэропортлар фаол ривожлана бошлади. Сўнгги йилларда Зомин, Қўқон, Сариосиё биринчи самолётларни қабул қилиб олди, энди уларга яна бир аэродром – Арнасой қўшилди, деб хабар берди AvroRJ’s SKY.
Аэродром Жиззах вилоятидаги Айдаркўл қирғоғида жойлашган. Учиш-қўниш йўлаги узунлиги 1700 м × 30 м, курс 12/30, L-410 ва ATR-72 самолётлари учун мўлжалланган иккита тўхтаб туриш жойи, терминалга эга.
Биринчи бўлиб янги йўлакни CASA C295W ҳарбий транспорт самолёти синовдан ўтказди – айнан у Арнасойга қўнишлар ҳисобини очди.
Аэродром келажакдаги курорт мажмуаси учун транспорт тугунига айланиши, минтақани сайёҳлар учун очиши кутилмоқда.