Япония ва Марказий Осиё давлатлари адлия вазирлари учрашуви бўлиб ўтади

Yangiliklar  ●  3 months ago

Япониянинг оммабоп The Yomiuri Shimbun газетасининг босма ва электрон шаклида "2026 йилда Япония ва Марказий Осиё давлатлари адлия вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Материалда таъкидланишича, Япония ҳукумати 2026 йилда илк бор Япония ва Марказий Осиёнинг беш давлати Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон адлия вазирлари саммитини ўтказиш режаси ҳақида маълум қилди. “Бу ташаббус орқали Япония қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада барқарор ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга интилмоқда”, – дейилган материалда.

“2025 йил апрел-май ойларида Япония адлия вазири Кейсуке Сузуки Ўзбекистон ва Қирғизистонга қилган ташрифи натижасида келгусида ҳамкорликда беш мамлакат вазирлари билан янгича мулоқот механизмлари жорий этиш борасида келишувга эришган эди”, – деб хабар қилинган материалда.

Япония газетаси, шунингдек, АҚШнинг Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдираётгани урғуланган.

“АҚШ ҳам Марказий Осиё билан алоқаларни кучайтиришга интилаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Собиқ АҚШ президенти Жо Байден 2023 йил 19 сентябр куни Ню-Йоркда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан “С5+1” форматида учрашди.

Маълум қилинганидек, Япония собиқ бош вазири Фумио Кишида 2024 йил август ойида “Марказий Осиё+Япония” саммитини ўтказиши ва кейинчалик мамлакатда эҳтимолий мегазилзила содир бўлиши хавфи сабаб саммит қолдирилган эди.

Мақола хулосасида, “Япония Марказий Осиё билан қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, дипломатия ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини жадаллаштирмоқда. Бу Япониянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш истагини ифодалайди”, – деб ёзилган.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...