
Бу нафақат тарихий меросимизнинг тикланиши, балки халқимизнинг маънавий ҳаётида катта қадам бўлди.
Ўзбекистонда яна бир улуғ тарихий воқеа амалга ошди. Президент ташаббуси билан Лондондан қайтарилган афсонавий Зандана матолари, Темурийлар ва Бобурийлар даврига оид нодир артефактлар ҳамда миллий кашталар Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бу нафақат тарихий меросимизнинг тикланиши, балки халқимизнинг маънавий ҳаётида катта қадам бўлди.
Зандана матолари асрлар давомида Шарқ ва Ғарб бозорларида “афсонавий ипак” сифатида танилган. Уларнинг юксак сифатли ипаги, ноёб тўқиш услуби ва ранг-баранг нақшлари бутун дунёда қадрланган.
Темурийлар ва Бобурийлар даври — Марказий Осиё тарихида илм-фан, санъат ва давлатчилик тараққиётининг юксак босқичи ҳисобланади. Бу даврдан қолган артефактлар халқимизнинг илмий билимларга, маънавиятга ва маданий меросга бўлган эътиборини намоён қилади. Энди улар Ислом цивилизацияси марказида кенг жамоатчиликка намойиш этилади.
Марказда шунингдек, “Қуръони карим зали”да VII асрда қўлда кўчирилган Усмон мусҳафи ва турли сулолалар даврида битилган муқаддас китоблар жой олиши маълум қилинган.
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” янгича форматда тайёрланмоқда. Унда Марказий Осиёдан чиққан буюк олимлар, ихтирочилар ва уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси интерактив тарзда намойиш этилади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида эса Сотбис ва Кристис каби йирик аукцион уйлари, Европа музейлари ҳамда Абу-Дабидаги “Манара” маркази билан йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Рақамли кутубхона яратиш ишлари ҳам давом этмоқда. Бу орқали юзлаб қўлёзмалар, тарихий асарлар ва артефактлар онлайн тарзда тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликка очиқ бўлади.