
Ҳафта боши ва дам олиш кунлари айрим вилоятларда ёғингарчилик бўлиши, ҳарорат пасайиши кутилмоқда. Ушбу вазият қишлоқ хўжалиги тармоқларида кузги ишларга халал бермайди. Kun.uz'да об-ҳаво прогнози билан – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Сентябр ойининг учинчи ҳафтасини Қозоғистон марказидан ўтиши кутилаётган совуқ антициклон белгилайди. Айнан шу ҳаво оқими чоршанба-жума кунлари республика ҳудудларида тунда ҳам, тонгда ҳам ҳаво ҳароратининг сезиларли пасайиб кетишини таъминлайди. Пайшанба тонгида ҳафта давомидаги энг паст ҳарорат кузатилиши мумкин – кўплаб текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати +10 даража, тоғларда +5 даража, баланд тоғларда ҳатто нол даражагача пасайиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу ҳафтадаги салқинлик баланд тоғ яйловларида ўтлаб юрган чорва молларини пастга томон ҳайдаб ўтишни тезлаштиради. Айрим баланд тоғ қишлоқларида мавсум учун илк совуқ уриш ҳолатлари кузатилиши ҳам мумкин.
Сентябр ойи сўнгги ҳафтаси ва октябр бошлари илиқроқ ва қуруқ, октябрнинг иккинчи ярмидан минтақада ҳароратнинг аста-секин пасайиши, ноябр ойида ҳам совуқ ҳаво оқимлари кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Айрим прогнозларга кўра, қиш ойлари умумий фонда совуқ ва қуруқ ўтиши кутилмоқда.