
Россиянинг "Караван инфо" ахборот агентлиги Ўзбекистон президенти таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишгани ҳақидаги мақолани тарқатди.
Нашрда Ўзбекистонда таълим тизимида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани, сўнгги тақдимотда президентга янги таклиф ва режалар тақдим этилгани маълум қилинган.
Маънавий-маърифий ишларни ривожлантириш, мактаб ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш йўналишлардан бири бўлиши алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда таълимнинг барча бўғинларини қамраб оладиган, мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари учун услубий қўлланмага айланадиган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди.
Унинг асосида ўқувчиларнинг иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг вертикал тизими яратилмоқда. Бир қатор мавжуд муассасаларда “Келажак” марказлари очилади, мактабларда ўқувчилар ташаббуслари билан ишлаш бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил этилади.
“Дастурнинг муҳим қисми техник ва муҳандислик таълимини ривожлантиришдан иборат бўлади. 14 та ҳудудда ихтисослаштирилган муҳандислик мактаблари очилади, уларда таълим бепул ва рақобатбардош бўлади. Ўқув жараёни STEM модели асосида ташкил этилади. 2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади”, – дея хабар қилган “Караван инфо”.