
Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида саноат объектларида бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида саноат объектларида бўлиб, янги лойиҳалар ва ишлаб чиқариш мажмуалари билан танишмоқда.
Хусусан, Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасида замонавий газоблок ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Германия, Хитой, Дания технологиялари асосида қурилган бу завод маҳсулотлари энергия тежамкор ва сифатли. Натижада электр энергияси харажатлари 45 фоизгача камаяди. Корхона 500 та иш ўрни яратиб, йилига 600 минг куб метр маҳсулот ишлаб чиқаради.
Янги Наманган туманида эса “Тараққиёт” саноат ва сервис зонаси ташкил этилди. Бу ерда 113 та лойиҳа амалга оширилмоқда, 4 800 та янги иш ўрни яратилди. Замонавий инфратузилма, касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари ва кооперация асосидаги ҳамкорлик аҳолининг турмуш фаровонлигини оширмоқда.
Давлат раҳбари автомобилларга хизмат кўрсатувчи марказлар, маҳаллий мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишиб, бу ерда тадбиркорлар ва усталар билан суҳбатлашди.
Бугунги ташриф Наманганда саноат ва тадбиркорлик ривожланаётганини, бу орқали иш ўринлари кўпайиб, аҳоли учун замонавий шароитлар яратилаётганини кўрсатмоқда.