Сунъий интеллект: Ўзбекистон ривожланган давлатлар қаторида бўлади

Yangiliklar  ●  3 weeks ago

“Бугун инсоният янги цивилизация босқичига — сунъий интеллект даврига дадил қадам қўймоқда”, — деди Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида. Ўзбекистон бу жараёнда нафақат ортда қолмасликни, балки етакчи бўлишни мақсад қилган. Йиллар давомида мамлакатимизда рақамли инфратузилманинг яратилиши, давлат бошқарувининг автоматлашуви, ахборот технологиялари соҳасига ёшларни кенг жалб этиш ишлари ана шу янги босқич — сунъий интеллект (AI) даври учун пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Йиллар давомида мамлакатимизда рақамли инфратузилманинг яратилиши, давлат бошқарувининг автоматлашуви, ахборот технологиялари соҳасига ёшларни кенг жалб этиш ишлари ана шу янги босқич — сунъий интеллект (AI) даври учун пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Марра кимники?

Дунёда сунъий интеллект бозорининг ҳажми 2030 йилга бориб 20 триллион доллардан ошиши кутилмоқда. Рақам янада ошиши мумкин, чунки йил бошида прогноз 15 триллионни ташкил қилганди. Қисқа вақт ичида прогнозлар ўзгарди. Бу сунъий интеллект ҳажми қанчалик тез ўсаётганини кўрсатади. Президент Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, “ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, аниқ натижа қилса — марра шуники бўлади”.

Ўзбекистонда 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллект стратегияси қабул қилинди. Унда иқтисодиёт, давлат бошқаруви, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда AI технологияларини жорий этиш вазифаси белгиланган. Бу йўлда 30 дан ортиқ пилот лойиҳа амалга оширилди. Натижада мамлакатимиз дунё рейтингида сунъий интеллектга тайёргарлик индексида 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

2030 йилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.

Бизга супер-компьютерлар керак

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, AI ривожланиши учта асосий омилга боғлиқ: инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар.

Охирги саккиз йилда 300 минг километрдан ортиқ оптик толали линиялар қурилди, 7 та дата-марказ ишга туширилди. Лекин бу AI учун етарли эмас — чунки катта маълумотларни қайта ишлаш учун юқори қувватли супер-компьютерлар талаб этилади. Шу боис жорий йил 16 та супер-компьютер хариди учун 50 миллион доллар ажратилди, кейинги йил бу маблағни икки баробарга ошириш кутилмоқда.

Шунингдек, Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан ҳамкорликда 150 миллион доллар эвазига дата-марказ қурилиши бошланди. Кейинги босқичда бу лойиҳага 3 миллиард долларгача сармоя жалб этилиб, қувват 500 мегаваттга етказилади.

Олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун эса кейинги йилдан йўлдошли интернет операторларининг фаолияти йўлга қўйилади.

Сунъий интеллектни ҳам инсонлар бошқаради

Технологияларни жорий этиш мумкин, лекин уни англайдиган ва бошқарадиган кадрлар тайёрлаш энг асосий вазифа бўлиб қолади. Шу боисдан, видеоселектор йиғилишида таълим тизимидаги AI йўналишига алоҳида урғу берилди.

Кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани дастурларига сунъий интеллект мавзулари киритилади. Массачусетс технология институти билан ҳамкорликда махсус дарслик яралади.

“Янги Ўзбекистон” университетида 100 нафар тренер тайёрланади, кейин бу рақам 1300 нафарга етказилади. Улар мактаб ва олий таълим муассасаларида каскад усулида ўқитувчиларни тайёрлайди.

Шунингдек, “Бир миллион дастурчи” ташаббусининг мантиқий давоми сифатида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси бошланди. Бу йил 100 минг, кейинги йил ярим миллион ёшлар AI соҳасида билим олади.

Ўзбек тили ва сунъий интеллект

Йиғилишнинг рамзий жиҳати шундаки, у Ўзбек тили байрами кунига тўғри келди. Президент таъкидлаганидек, сунъий интеллект дастурлари самарали ишлаши учун улар, аввало, ўзбек тилини мукаммал тушуниши зарур”.

Бу фикр тил ва технологияларнинг ўзаро боғлиқлигини яққол кўрсатади. Ўзбек тилидаги адабиётлар ва маълумотларни рақамлаштириш, “Ўзбек тили корпуси”ни яратиш нафақат тил ривожи, балки AI дастурларининг миллий характерга эга бўлиши учун ҳам зарур. Бунинг учун “Data Lake” платформаси орқали катта маълумотлар базаси яратилади.

“ТОП-50” та давлат қаторида бўламиз

Жорий йилда маҳаллий стартапларга 264 миллион доллар сармоя киритилди. Энди AI соҳасидаги стартапларни кўпайтириш учун 1 миллион долларлик махсус танлов эълон қилинмоқда. Бу ёшларни илмий изланиш ва ижод қилишга рағбатлантирадиган янги экотизим бўлади.

Шунингдек, олийгоҳларда AI, финтех, киберхавфсизлик каби йўналишларга давлат грантлари 35 фоизга оширилади. Бу эса илмий ва таълим соҳасида рақамли инқилобни юзага келтиради.

“Биз 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бўйича “ТОП-50” та давлат қаторига киришни мақсад қилганмиз”, деди Президент.

Ўзбекистоннинг Сунъий интеллект хаби

Ҳозирда “IT-Park” резидентлари сони 3,200 та компанияга етган, хизматлар экспорти йил якунига қадар 1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Қайд этиш лозимки, Президентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “IT-Park”га ташрифи AI соҳасидаги янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳудудда жами 6 та бино – Сунъий интеллект маркази, Космос ва келажак технологиялари марказлари, 2 та 20 қаватли офис биноси, шунингдек сервис ва савдо марказлари қурилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур мажмуа энг замонавий технологиялар, инновациялар ва билимларга асосланган “Сунъий интеллект хаби”га айланади.

Сунъий интеллект бу фақат технологиялар эмас, балки янги тафаккур маданиятидир. Ўзбекистон бугун нафақат AI технологияларини жорий этмоқда, балки уни миллий қиёфа ва қадриятлар билан уйғунлаштирган ҳолда “ўзбек модели”ни шакллантирмоқда.

Л.Турсунов, журналист

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...