
15 ноябрь куни Жиззах давлат педагогика университетида “Тадқиқотчилик ва креатив сай-ҳаракатларни қўллаймиз” шиори остида ўтказилаётган 10-Халқаро Талабалар Симпозиуми ўз фаолиятини бошлади.
Анъанага кўра, тадбир 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни муносабати билан ташкил этилмоқда ва ёшларнинг илмий изланишлари ҳамда халқаро ҳамкорликдаги қатнашувини қўллаб-қувватлашни мақсад қилади.
Бу йилги форум Жиззах давлат педагогика университети, Ипак йўли тадқиқот академияси ҳамда бир қатор маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Дастур талабаларнинг амалий тажрибасини ошириш ва уларни илмий муҳитга янада яқинлаштиришга қаратилган.

ЖДПУ ректори Мақсуджон Юлдашев очилиш маросимидаги нутқида ушбу анжуманнинг талабаларнинг ижодий ва тадқиқот салоҳиятини намоён этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб: “Бу симпозиум талабаларимизда билимга чанқоқлик ва ижодкорлик руҳини кучайтириб, мамлакатимиз олий таълими келажагига ҳисса қўшади”, — деди.

Барча 10 та симпозиумга раислик қилиб келаётган Ипак йўли тадқиқот академияси ижрочи директори Азамат Акбаров эса ўз чиқишида бугунги тадқиқотлар келгусида жамият равнақи ва халқаро ҳамжиҳатликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Симпозиум тарихи
Талабалар Симпозиуми 2013–2016 йилларда Европа мамлакатларида ўтказилган бўлиб, 2018 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида давом этган. 2021 йилдан буён тадбир Ўзбекистонда ўтказилиб келмоқда:

Ҳар йили онлайн ва анъанавий форматда ташкил этиладиган форумга ҳозиргача 50 дан зиёд давлатдан 3 мингдан ортиқ талаба қатнашган. Бу йил 13 мамлакатдан қарийб 250 нафар иштирокчи офлайн ва онлайн равишда қатнашмоқда. Уларнинг орасида Бангладеш, БАА, Эрон, Ҳиндистон, Италия, Жазоир, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Сербия, Туркия, Украина ва Хитойлик талаба ёшлар бор.

Симпозиумнинг муҳим жиҳати шундаки, у тўлиқ инглиз тилида ўтказиладиган Марказий Осиёдаги кам сонли талабалар форумларидан ҳисобланади.
Тадбирда қатор вазирлик, олий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари мотивацион маърузалари билан иштирок этдилар. Улар орасида:

10-Халқаро Талабалар Симпозиуми Ўзбекистондаги энг муҳим илмий талаба форумларидан бири сифатида ёшларнинг халқаро илмий майдондаги иштироқини янада оширишга хизмат қилмоқда. Тадбирнинг 17 ноябрь — Халқаро талабалар кунига тўғри келиши, ёшларнинг жамият тараққиётидаги роли ва ижодий-илмий салоҳиятини янада ёрқинлаштириб, уларнинг глобал миқёсидаги иштироқини намоён этмоқда.

