Ўзбекистон меҳнат миграцияси тизимида 24/7 ишлайдиган ситуацион марказ ташкил этилади

Yangiliklar  ●  3 weeks ago

«Ягона дарча» тамойили асосида барча миграция хизматларини бирлаштириш, одамлар оворагарчилигини камайтириш ва тизимни соддалаштириш белгиланди.

Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тизими охирги йилларда бутунлай янги босқичга ўтди. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ахборотда энг муҳим вазифа – фуқароларнинг чет элда хавфсиз ва муносиб шароитларда ишлаши учун замонавий, қулай ва халқаро стандартларга мос тизим яратиш экани таъкидланди.

Сўнгги 8 йилда чет элда ишлаётган фуқаролар сони камайган бўлса-да, юборилаётган пул миқдори кескин ошди. Масалан, 2016 йилда 3,8 миллиард доллар бўлган маблағ бугун 15,8 миллиард долларга етди. Демак, одамлар камроқ, лекин яхши маош тўлайдиган иш ўринларига бормоқда. Бу эса, бутун мамлакат иқтисодиётига ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Ҳозирги кунда хорижий меҳнат бозори 140 минг мутахассисга буюртма берган, аммо тил ва касб малакаси етмаслиги сабаб имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Шу боис, “ягона дарча” тамойили асосида барча миграция хизматларини бирлаштириш, одамлар оворагарчилигини камайтириш ва тизимни соддалаштириш белгиланди.

Шунингдек, Тошкентда “Хорижга ишга тайёрлаш маркази”, Термизда “Ягона миграция хизматлари” маркази ҳамда Яшнобод туманида немис ва япон тилларига ихтисослашган мактаблар янги марказлар ташкил этилади.

Европага миграция оқими 4 баробар ўсгани ҳисобга олиниб, у ерда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича ҳам муҳим қадамлар белгиланди. Шу мақсадда янги ҳукуматлараро келишувлар имзоланади, хорижий мамлакатларда атташе ва агентлик ваколатхоналари кўпайтирилади.

Бундан ташқари, тизим тўлиқ рақамлаштирилади. “Хорижда иш” платформаси орқали 524 минг киши хизматлардан фойдаланган бўлса-да, барча жараёнлар электронлашмаган. Шунинг учун платформага сунъий интеллект, биометрик идентификация, онлайн маслаҳатлар, реал вақтда иш ўринлари янгиланиши каби имкониятлар қўшилади. Ҳатто 24/7 ишлайдиган ситуацион марказ ҳам ташкил этилади.

Шу билан бирга, ноқонуний миграция ва фирибгарликка қарши курашиш ҳам кучайтирилади. Аэропортларда интерактив инфокиосклар ўрнатиш, лицензиясиз фирмаларга катта жарималар қўллаш, ҳатто жиноий жавобгарлик киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бу ўзгаришларнинг барчаси бир мақсадга хизмат қилади, яъни, чет элга ишга кетадиган ҳар бир фуқаронинг ҳаётини осон, хавфсиз ва шаффоф қилиш. Энди одамлар хорижий давлатларга қонуний, тартибли ва муносиб иш ўринларига тайёргарлик кўрган ҳолда жўнайди. Бу эса, уларнинг оиласи, даромади, келажаги ва юртимиз иқтисодиёти учун катта имконият ҳисобланади.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...