10:15 | 27.06.24

                       

27 июнда узбекистонликлар мавсум учун энг иссиқ ҳарорат тўлқини билан тўқнашади

Ўзбекистонликлар 27 июнь куни мавсум учун энг иссиқ ҳарорат тўлқини билан тўқнашади. Аҳолига зарурат бўлмаса, кўчага чиқмаслик тавсия этилади.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти таҳлилига таяниб, Ўзбекистонда 27 июнь куни соат 16:00 да кутилаётган биоиқлимий шароит прогнозини эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 27 июнь куни бир қанча ҳудудлар аҳолиси иссиқлик стрессларини қабул қилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, яхлит шаклга эга паст босимли атмосфера соҳаси иссиқлик тўлқинини (эҳтимолий термик депрессия жараёни) келтириб чиқармоқда.

«Ишончли иқлим моделларининг ҳаво ҳамда шудринг нуқтаси ҳарорати (ҳисоб-китоблар асосида нисбий намлик келиб чиқувчи об-ҳаво параметри) прогноз маълумотларидан фойдаланиб, прогноз картаси тузилди. Картада келтирилишича, эҳтимолий термал тушкунлик (термик депрессия) жараёнида 27 июнь соат 16:00 да Сирдарё вилояти, Тошкент вилояти жануби, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари асосий қисми, водий вилояти маркази, Қўқон шаҳри атрофи ҳамда Хоразм вилоятининг Туямўйин сув омбори атрофидагилар юқори иссиқлик (6-зона) стрессларини (қизил рангли ҳудудлар) қабул қилади. Бу шароитда кишилар очиқ офтоб остида ҳаракатланиши тавсия этилмайди.

Эртага республиканинг катта қисмида ‘иссиқ’ (тўқ сариқ) биоқлимий шароитлар (5-зона) кузатилиб, бу каби ҳудудлардаги аҳоли очиқ офтоб тиғи остида бош кийим, оқ ва сариқ рангли матолардаги кийимларни кийишлари, кўп сув истеъмол қилишлари тавсия этилади», — деб ёзади иқлимшунос.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: