11:06 | 06.09.23
Давлат раҳбари Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 5 сентябр куни Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида яшаётган ва ишлаётганлар сони қарийб беш миллионга етган. Кўплаб уй-жойлар, муассасалар барпо этилаётган бўлиб, инфратузилма тармоқларига юклама ортмоқда. Яна йилига 20 минг хонадонли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Урбанизация суръатидан келиб чиқилса, яқин йилларда аҳоли сони янада кўпаяди.
Давлат раҳбари бу масалани алоҳида эътиборга олиб, Тошкентни ривожлантириш режаларини 15-20 йил олдиндан белгилаш вазифасини қўйган эди. Шундан келиб чиқиб, шаҳардан ташқарида замонавий архитектура ютуқлари асосида янги марказ қуришга киришилди.
2023 йил 20 июлда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари бўйича Президент қарори қабул қилинганди. Унга мувофиқ, бош вазир раҳбарлигида Янги Тошкентни барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган ҳамда дирекция ташкил этилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида ушбу лойиҳага масъул ўринбосар лавозими жорий қилинган.
Мазкур лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган. Дирекция томонидан етакчи хорижий компаниялар жалб этилиб, ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида бош режа, тармоқ режалари ва манзилли дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
«ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонасида бош режа лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари – «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори ҳудудни инфратузилма билан таъминлаш, йўл ва кўприклар қуриш масалалари, муҳандислик, шаҳарсозлик ва архитектура ечимлари бўйича ахборот берди.
Лойиҳада яшиллик, қулайлик ва тежамкорликка алоҳида эътибор қаратилган, фаол иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт уйғунлаштирилган, транспорт тармоқлари пойтахт билан оқилона боғланган.
Умуман айтганда, Янги Тошкент «ақлли» ва «боғ шаҳар» бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади. Шунингдек, шаҳарда ишбилармонлик ва инновация туманлари, таълим, тиббиёт ва туризм кластерлари бўлиши режалаштирилган. 420 гектар майдонда марказий боғ, мавзелар орасида сунъий канал ва кўллар, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари бўйида сайилгоҳлар ташкил қилиниб, одамларнинг дам олиши учун сўлим шароитлар яратилади. «Тошкентнинг яшил белбоғи» лойиҳаси шу жойдан бошланиши кўзда тутилган.
Бу компонентлар лойиҳаси Сингапур, Буюк Британия, Хитой, Германия, Туркия, Нидерландия, Жанубий Корея, БАА каби давлатларнинг 20 та илғор компанияси томонидан ишлаб чиқилмоқда. Президент инфратузилма тармоқларини илғор стандартлар билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Ўттиз икки йиллик мустақил тарихимизда биринчи марта бундай шаҳар қуряпмиз, бунга дунёдаги илғор компанияларни жалб қиляпмиз. Лекин биздаги соҳалар, стандартлар шунга мосми? Улар замонавий лойиҳалар билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Шунинг учун қурилиш, энергетика, коммунал, экология, ирригация, транспорт каби ҳамма тегишли соҳалардаги қонунларни, стандартларни жаҳоннинг энг юқори талабларига мувофиқ такомиллаштириш зарур», – дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент бош режа асосида йил якунига қадар батафсил лойиҳалаш ишларини якунлаш, биринчи босқич иншоотлари бўйича лойиҳачи ва қурувчи корхоналарни аниқлаш бўйича кўрсатмалар берган.
«Нима учун бу лойиҳани шошмасдан, қайта-қайта кўряпмиз? Бу шаҳар юз йиллаб халққа хизмат қилиши керак. Одамлар биринчи ўринда бўлиши, келажакдаги қурилишлар ҳам инобатга олиниши зарур. Биринчи босқич мукаммал қурилса, мактаб бўлади», – дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, бўлажак бинолар ва инфратузилма эксплуатациясини ҳозирдан ўйлаш, бу бўйича мутахассислар тайёрлаш зарурлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда «Янги Ўзбекистон» мажмуасининг очилиш маросимида Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси ҳақида гапирган эди.
«Секин-секин Тошкентдан Тошкент вилоятига қараб кетяпмиз. Баҳаво жойларга қараб кетяпмиз. Биз секин-секин «Янги Тошкент»ни қурамиз. Лекин янги баҳаво жойда бўлади. Бу томонга қараб, мана шу одамларимизни ўргатиб, катта лойиҳа устида анчадан бери ишлаяпмиз. Кўпларингиз ўйлашларингиз мумкин, нима учун бу Тошкентдан узоқ жойда деб? Тошкентда энди қурилиш қилмаймиз, Тошкентни яшил ҳудудга айлантирамиз», – деган эди ўшанда давлат раҳбари.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: