19:33 | 07.12.21

                       

Президент БМТ махсус маърузачисини қабул қилди

Учрашувда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари муҳокама этилган

Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайнни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, етакчи халқаро тузилманинг юқори даражали вакили давлат раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш доирасида мамлакатда ташриф билан бўлиб турибди.

Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасида, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши кураш борасидаги долзарб кун тартиби юзасидан очиқ ва конструктив мулоқотни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Ҳамкорлик самарали тус олгани, мамлакат ушбу муҳим йўналишларда катта муваффақиятларга эришгани қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусан, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (ИҲК) тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, унинг ишида фаол иштирок этмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон томони ушбу ихтисослаштирилган институтнинг раҳбарлик органларида вакиллик қилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида мамлакатда гендер тенглик, сўз ва дин эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан ИҲКнинг пандемия даврида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди, тегишли конвенция ишлаб чиқилмоқда. Хавфсизлик соҳасида қатор асосий қонунлар қабул қилинган, яқинда беш йилга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича стратегия тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Махсус маърузачи Ўзбекистоннинг «Меҳр» операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги янги ёндашувлар алоҳида қайд этилди. Суҳбат чоғида яқин ҳамкорликни, энг аввало, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ўрнини кучайтириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда техник кўмак ва ёрдамни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари билан шериклигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма халқаро тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Аввалроқ америкалик бир гуруҳ сенаторлар Оқ уй маъмурияти ва Давлат департаментини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистонга босим ўтказишга чақиргани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, сенаторлар буни Ўзбекистонда ислоҳотлар секинлашгани, мамлакатда сўз эркинлиги ҳуқуқи чекланаётгани билан изоҳлаган. Оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам муаммолар мавжудлиги айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: