20:33 | 10.12.21

                       

Президент ипотека кредити орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид фармонни имзолади

Ҳужжат билан уй-жойга муҳтож фуқаролар учун қатор енгилликлар берилмоқда

Шавкат Мирзиёев 9 декабрь куни «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, фармон ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талабини қондириш, давлат буджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тақдим этиш ишларини давом эттириш, хусусий пудрат ташкилотларини замонавий кўп қаватли уйлар қурилишига кенг жалб этиш мақсадида қабул қилинган.

Белгиланишича, 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида:

  • даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга давлат буджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;
  • субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
  • сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;
  • дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;
  • фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;
  • Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» акциядорлик жамияти орқали жойлаштирилади;
  • тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

Аввалроқ ҳукумат қарори билан Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: