9:35 | 16.12.21

                       

Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик билан шуғулланувчиларга имтиёзли кредитлар берилади

Молия вазирлиги бунинг учун бюджетдан 2 трлн сўм ссуда ажратади

Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, қонун соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, кластерлар (кооперация) фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали қуйидагиларга:

  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача, йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредит ажратилади;
  • мева-сабзавотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга талаб этиладиган айланма маблағни тўлдириш учун йиллик 14 фоиз (шундан 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойлик «револьвер» кредит ажратилади. Бунда ушбу кредит ҳисобидан кластер ва кооперацияларнинг тижорат банкларидан олинган бошқа кредитларини сўндиришга йўл қўйилмайди.

Ушбу тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги томонидан республика бюджетидан жамғармага 2 триллион сўм бюджет ссудаси ажратилади. Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобига биноан келгуси йиллар ҳосилини молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағнинг жамғармага ажратиб борилишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, Президент 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқишга бағишланган видеоселектор ўтказганди. Йиғилишда мева-сабзавотчилик йўналишига алоҳида тўхталиб, соҳадаги айрим лойиҳаларга гаров таъминотисиз кредит берилиши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: