18:22 | 24.02.23

                       

Сардор Раҳмонқулов иши бўйича апелляция суди бошланди

Айбланувчи телефонидан диний мазмундаги қўшиқлар топилгани учун 5 йилга қамалган

Телефонидан диний мазмундаги қўшиқлар топилгани учун 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов иши бўйича апелляция суди бошланди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Судланувчининг адвокати биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритгани сабабли 23 февраль куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ушбу апелляция шикоятини кўриб чиқишни бошлади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этган мухбирнинг сўзларига кўра, суд ҳайъати томонидан ОАВ ходимларига мобил қурилмалари билан суд мажлисида қатнашишга рухсат берилмаган.

Суд аввалида сўз судланувчининг ҳимоячиларига берилди ҳамда улар суддан Сардор Раҳмонқулов иши бўйича оқлов сўради.

«Раҳмонқулов тергов ҳибсхонасида сақланган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари бир неча марта олдига кириб: ‘Бошқа жиноятни ҳам бўйнингга олсанг, ишингни енгиллаштириб берамиз’, деган. Биз уни биринчи судда баён қилдик. Ва биринчи суд ўзининг ташаббуси билан буни ойдинлаштирамиз, деди. Лекин бу нарса ойдинлаштирилмади. Ўша тергов ҳибсхоналарига суд томонидан сўров чиқарилиб, ҳақиқатдан қайси орган вакиллари киргани аниқлаштирилиши керак.

Раҳмонқуловнинг бувиси билан суҳбатлашдик, уларнинг уйига Терроризмга қарши курашиш бошқармаси йигитлари келган. Лекин Раҳмонқуловнинг бирор-бир ҳаракатида террорчиликка олиб борувчи нарса йўқ. Шунингдек, биринчи судда мактаб, маҳалла вакиллари, имомлар томонидан фикрлар билдирилди. Бироқ судда уларнинг бирортаси эътиборга олинмади», — дея таъкидлади Сардор Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси.

Шундан сўнг судда 2 мартга қадар танаффус эълон қилинди.

Маълумот учун, аввалроқ Bugun.uz таҳририяти Сардор Раҳмонқулов билан интервью ташкил қилиб, Раҳмонқулов қийноққа солиниб, орган ходимлари томонидан калтаклангани, унинг ҳозирги аҳволи, ростдан ҳам айбдорми, деган шу ва бошқа саволларга аниқлик киритганди. Сардор Раҳмонқуловнинг сўзларига кўра, қамоқда унга кеч қандай руҳий тазйиқ ўтказилмаган, куч ишлатилмаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: