16:00 | 09.03.23
Филмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Қудратилла Бурҳонов, шоирнинг рафиқаси ролини эса Гулчеҳра Жамилова ижро қилган
Киночилар уйида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий филмнинг махсус намойиши ўтказилди. Унда шоирнинг фарзандлари, Кинематография агентлиги раҳбарияти, ОАВ вакиллари, киноижодкорлар ва мутахассислар иштирок этди.
Тақдимотда шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоеванинг Ўзбекистон Президентига ва филм яралишида ўз ҳиссасини қўшган барчага йўлланган ташаккурномаси ўқиб эшиттирилди:
«Мен Абдулла ака ҳақида бадиий филм суратга олиниши ҳақидаги қарорни ўқиганимдан буён кўнглимда кечаётган туйғуларим (ҳаяжон, изтироб, фахр ва миннатдорлик)ни сўз билан ифодалай олмайман. Бутун умрингизни қайта кўриш ҳаяжони, соғинч ва дийдор изтироби, камдан-кам одамга насиб этадиган эътибор, ғурур, ҳеч бир ганж билан узиб бўлмайдиган миннатдорлик ҳисси ўртамоқда қалбимни. Бунинг учун Президентимизга ва шу ишда бош-қош бўлган Кинематография агентлиги раҳбариятига, филмни саҳналаштиришда сидқидилдан меҳнат қилган ижодий жамоага, барча ижрочи актёр ва актрисаларга оиламиз номидан миннатдорлик изҳор қиламиз. Мен филмни тасвирга олиш жараёнида шахсан иштирок этдим. Филм тайёр бўлгач, унинг илк томошабини ҳам бизнинг оиламиз бўлди ва у барчамизга маъқул келди. Филмдаги воқеалар шоирнинг болалиги, талабалик йиллари, тўй ва бошқа ижодий жараёнлар, Абдулла аканинг сўнгги йиллари ҳақидаги саҳналар бўлган воқеалар асосида, оила аъзоларимиз билан бамаслаҳат ҳолда акс эттирилган».
Филмда Абдулла Ориповнинг Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида ўтган ва ижодга илк қадам қўйган болалик йиллари, Тошкент шаҳрида ўтказган талабалик даврлари, ижод намуналарининг илк нашри, унинг шоир бўлиб шаклланишидаги ҳиссиётлари ва туйғулари, шоирга хос севгиси, машҳурликнинг келиши ва Америкада ўтган сўнгги йиллари очиб берилади.
«Хабарингиз бор кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий кинематографияни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Йилдан йилга миллий кино маҳсулотларимиз сони ва сифати ҳам ортиб бормоқда. 2017 йилда агентлик буюртмасига биноан 23 та филм яратилган бўлса, 2022 йил давомида 158 та бадиий ва ҳужжатли филм ишлаб чиқарилди. Айни пайтда тарихий ва замонавий мавзуларда ўнлаб фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида турибди. Яна бир йирик лойиҳа, Абдулла Ориповдек ўзбек адабиётининг етук намояндаси ҳақида бадиий филм яратиш ҳам улкан фахр, ҳам катта масъулиятдир. Киноижодкорларга яратилаётган шароитлар ҳамда мана шундай масъулиятли ва йирик лойиҳаларни ишониб топшираётгани учун ҳурматли Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — деди Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
Намойишда сўзга чиққан шоирнинг қизи Шоира Орипова отаси ҳақидаги филм оила аъзолари билан биргаликда маслаҳат қилиб ишлангани уни хурсанд қилганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, сўзга чиққан бошқа киноижодкорлар ҳам филм ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Ҳурматли Президентимиз ўтган йил Қашқадарёга қилган ташрифи давомида ‘Филм самимий бўлсин. Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилиши керак’ деган фикрни илгари сурган эдилар. Бу биз учун филмнинг йўналишини аниқ белгилаб берувчи ғоялар эди. Филмда Абдулла Ориповнинг салмоқли ҳаёти ва ижоди, болалик, ўсмирлик, қарилик даврлари гавдаланган. Филмни кўрган томошабин шоир ҳақида кўп нарсани билиб олиши мумкин. Президентимиз томонидан берилган топшириқни имкон даражасида халқимизга манзур бўладиган кинокартина сифатида яратишга ҳаракат қилдик. Абдулла Ориповнинг адабий ва маданий меросини янада мустаҳкамлаш йўлида олдинда яна бир қатор мақсадларимиз бор. Жумладан, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Абдулла Орипов ҳақида миллий киносериал яратишни ҳам режалаштирганмиз», — деди фильм режиссёри Музаффархон Эркинов.
Филмнинг тасвирга олиш ишлари Қашқардарё вилоятининг Некўз қишлоғида, Тошкент шаҳрида, Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳарчасида ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ҳюстон, Лос-Анжелес ва Ню-Йорк шаҳарларида олиб борилди.
Филмда бош ролларни «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Ориповнинг шогирди, шоир Шодмонқул Салом ва маҳоратли актриса Райҳон Асадова ижро қилган. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қудратилла Бурҳонов, шоирнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилган.
Филм постановкачи режиссёри Музаффархон Эркинов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов, филм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: