19:12 | 08.04.23

                       

Activist муаллифи блогер Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалди

Бунга унинг дўконларда сотилаётган йогуртларни ҳаром дегани сабаб бўлган

Аctivist муаллифи блогер Ҳожиакбар Носиров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақидаги фикрларини акс эттирувчи видеолавҳа жойлаган. Тошкент шаҳар ИИББ унга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берди.

Фото: Instagram

Блогер юқорида келтирилган видеоролик орқали фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида «кармин» моддаси мавжудлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдиргани маълум қилинган.

Қайд этилишича, Конституциянинг 25-моддасига асосан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек, 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас. Айниқса алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида Ҳожиакбар Носировга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3- (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаларига (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди томонидан уга нисбатан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз», дейилади ИИББ хабарида.