18:19 | 14.04.23

                       

Activist судга адвокати киритган апелляция шикоятини қайтариб олгани маълум қилинди

Шу сабабли апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган

Аctivist муаллифи блогер Ҳожиакбар Носиров адвокати киритган апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақида ариза берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, блогер Ҳожиакбар Носиров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига савдо дўконларида сотилаётган турли йогурт маҳсулотларининг ҳаммаси ҳаром эканлиги боис уларни истеъмол қилмаслик ҳақидаги фикрларини акс эттирувчи видеолавҳа жойлагани учун 15 суткага қамалганди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 2023 йил 8 апрелдаги қарорига кўра Ҳожиакбар Носиров (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

«Мазкур иш бўйича 2023 йил 14 апрел куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига блогернинг адвокати С.Ишпулатов томонидан апелляция шикояти келиб тушган. Суд мажлиси 2023 йил 14 апрел соат 15:00 га тайинланган», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар судларига кўра, Ҳожиакбар Носиров томонидан адвокатнинг шикоятини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ариза келтирилган. Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-4 ва 324-8-моддаларига асосан, апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириб, апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: