10:29 | 20.06.24
«Агробанк» ходими мижозларнинг номига кредит олиб, пулларни ишлатиб юборди. У кредит олиш учун келганларга даромади камлигини ва уларга пул берилмаслигини айтган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига бир гуруҳ фуқаролар ойлик иш ҳақлари пластик карточкага келиб тушганда банк асоссиз равишда «кредитдан бўлган қарздорлиги учун» деб пулларини ечиб олиб қўйганидан шикоят қилган. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, улар «Агробанк» АТБ Арнасой филиали билан кредит шартномаси расмийлаштиришган. Лекин мазкур банк филиали бошқарувчиси ўринбосари С.А. уларга қўнғироқ қилиб, ойлик маошлари камлиги сабабли кредит маблағлари берилмайдиган бўлганини оғзаки хабар қилган ва ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, бир қатор фуқаролар номига кредит расмийлаштирган. Жумладан мурожаатчи А.И. номига жами 18,5 миллион сўм йиллик 26,99 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 4 йил муддатга кредит олган.
Фуқаро ўзининг номига чиқарилган банк кредит картасини олишни рад этган бўлсада, уларнинг хабарисиз ушбу карта маблағларини ўз номига очилган банк пластик карталарига ўтказишга эришиб, кредит маблағларини ўз манфаатлари йўлида ўзлаштирган.
Жиноят ишлари бўйича Пахтакор туман судининг 2023 йил 11 апрелдаги ҳукмига кўра, С.А. Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбдор деб топилиб, банк соҳасида ҳамда бошқа ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳамда унга 7 йилга озодикдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Шунингдек, айбланувчи С.А.дан жами 145 миллион сўм миқдорида моддий зарар сифатида «Агробанк» АТБ Арнасой филиали фойдасига ундириш белгиланган.
«Шундай бўлсада, мазкур банк филиали томонидан кредитни қоплаш учун мурожаатчилар номига SMS талабномалар келиб, пластик карталарига келиб тушган ойлик иш ҳақидан кредитларни қоплаш учун пул ундирилиши давом этган», — дейилади хабарда.
Ҳужжатлар ўрганилиб, омбудсман томонидан судга меҳнат қонунчилигининг бузилгани ҳолати бўйича фуқаролар манфаатида даъво ариза киритилган. Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2024 йилнинг 21 май кунидаги ҳал қилув қарори билан фуқаролар ва банк ўртасида тузилган кредит шартномалари бекор қилиниб, мурожаатчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: