14:15 | 06.04.23

                       

AITF—2023 халқаро кўргазмасида ўзбек палови пиширилди

Озарбайжонда бўлиб ўтган кўргазмада 15 та давлат қаторида Ўзбекистон миллий стенди ҳам намойиш этилди

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида AITF–2023 19-халқаро туризм ва саёҳат кўргазмаси бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди. Ушбу кўргазмада ўн бешта давлат қаторида Ўзбекистон миллий стенди ҳам намойиш этилди. Меҳмон ва кузатувчиларга Ўзбекистоннинг тарихий обидалари акс этган суратлар, маьлумотлар акс этган бланкалар тақдим этилди. Бундан кўзланган мақсад эса туристлар оқимини оширишдир.

Фото: Bugun.uz

«Миллий PR-маркази» ДУК директори Дилфуз Самандарова ушбу кўргазмада Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида маьлумот берди.

«Ушбу халқаро туризм ва саёҳат кўргазмасида Ўзбекистон ‘ҳамкор давлат’ сифатида иштирок этмоқда. Кўргазмада биз асосан Хоразм вилоятининг туристик жозибадорилигини намойиш этиш ва ушбу вилоятнинг туристик имкониятларини тарғиб қилиш билан шуғулланяпмиз. Гап шундаки, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 29 март куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида берган топшириғига кўра, Озарбайжон ва Туркия Ўзбекистонда туризм хизматлари экспортини кўпайтириш ва ушбу мамлакатлардан сайёҳларни жалб қилиш мақсадида Хоразм вилоятига бириктирилди. Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида, кўргазма доирасида Хоразм вилоятидан катта делегация иштирок этмоқда, унинг таркиби 7 та сайёҳлик компанияси, ‘Ичан қалъа’ раҳбарияти, маданият ва санъат намояндалари, мусиқачилар ҳамда ҳунармандлардан иборат. Биз ушбу кўргазмада илк бор қатнашмоқдамиз, шунинг учун озарбайжонлик туристлар учун янги сайёҳлик манзили бўлган юртимизнинг жозибадорлигини кўрсатиб бермоқчимиз. Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ўртасида тўғридан-тўғри рейсларнинг йўлга қўйилгани, 2 соатлик парвоз, тил тўсиғи йўқлигини инобатга олиб айтиш мумкинки, бизнинг юртимиз озарбайжонликларни жалб қилишда жуда катта имкониятларга эга. Бундан ташқари, ушбу кўргазмада биз бошқа давлатлар билан ҳам туристик алмашинув бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз» — дейди у.

Фото: Bugun.uz

Шунингдек, AITF—2023 кўргазмасининг иккинчи кунида Ўзбекистон ҳукумати номидан кечки зиёфат ҳам бўлиб ўтди. Унда машҳур ўзбек ошпази Баҳриддин Чустий ва Баҳром Бобохонов томонидан Gastronomy of Uzbekistan мавзусидаги кўшма тақдимотлар ўтказилди.

Тақдимот якунида Чустий томонидан безатилган дастурхонда ўзбек миллий таомлари тақдим этилди. Ошпаз томонидан тайёрланган ўзбек миллий таоми — палов ҳам меҳмонларга улашилди.

Фото: Bugun.uz
Фото: Bugun.uz

AITF—2023 халқаро кўргазмаси доирасида давлат сайёҳлик ташкилотлари, маркетинг компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Озарбайжон туроператорлари билан майдончаларни фаол сотиш бўйича ишбилармонлик учрашувлари ҳамда 2023 йилнинг ноябр ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ТХТЙ—2023 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш шартлари билан танишиш режалаштирилган.

Фото: Bugun.uz

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: