17:11 | 20.08.24

                       

Айрим ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камайтирилади

Ўзбекистонда айрим ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камайтирилади.

Давлат раҳбари умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматларининг энг катта муаммоси ҚҚС ва ишчилар ҳисобини юритиш эканини таъкидлади.

Шу боис 1 январдан умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми тадбиркорга кешбэк сифатида қайтариб берилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, кешбэк 20 фоиз бўлади.

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Уларга баҳор ва ёз мавсумида ўзларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади. Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиши мумкин бўлади.

Худди шу каби 1 октябрдан меҳмонхона ва туроператорларга ҳам тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи кешбэк қилиб берилади.

Бундан ташқари, яқинда бозорга киришдаги 7 та эксклюзив ҳуқуқ бекор бўлади. Қайд этилишича, бу орқали 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлар учун бозорга кириш имконияти яратилади.

Жумладан, меҳмонхона фаолиятини сертификатлаш билан аккредитацияси бор барча корхоналар шуғулланиши мумкин бўлади. 1 октябрдан эса худди Тадбиркорлик рейтинги каби Қурилиш вазирлигидаги “Шаффоф қурилиш” тизимини тадбиркорларнинг ўзи юритади. Консалтинг марказлари функциялари тўлиқ хусусий секторга ўтказилади.

Президент тадбиркорлар таклиф берса, давлат идоралари кўрсатаётган бошқа хизматларни ҳам хусусий секторга беришга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: