17:27 | 08.11.24

                       

Айрим тадбиркорларга тўлаган солиғининг бир қисми қайтарилади

Ўзбекистонда айрим тадбиркорларга тўлаган солиғининг бир қисми маълум шартлар асосида қайтариб берилади.

Ҳукумат қарори билан Умумий овқатланиш, туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низоми тасдиқланди.

Вақтинчалик низомга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига – бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ойлик товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмасининг нақд пулсиз қисми:

  • 60 фоиз ва ундан юқори бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 40 фоизи;
  • 60 фоиздан кам бўлганда — бюджетга тўланган солиқнинг 20 фоизи қайтарилади.

Тадбиркорлик субъекти солиқ ҳисоботини тақдим этгандан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқнинг бир қисмини қайтариш учун мурожаат қилишга ҳақли.

Солиқнинг бир қисми қуйидаги шартлар тўлиқ бажарилганда автоматик равишда қайтарилади:

  • ҳисобот даврида солиқ бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботига мувофиқ ҳисобланган солиқ бюджетга тўлиқ тўланганда;
  • ҳисобот даврида умумий овқатланиш, туроператорлик ёки меҳмонхона хизматларини кўрсатиш бўйича умумий товар айланмаси жами товар айланмасининг 90 фоизидан кам бўлмаганда;
  • ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида реализация қилинган товарлар (хизматлар) номенклатураси ҳамда фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига ёки амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлган идентификация кодлари акс эттирилган қисмига нисбатан.

Вақтинчалик Низом 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: