14:40 | 17.09.23

                       

Академик Наим Каримов вафот этди

Ўзбекистон Фанлар академияси марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли адабиётшунос олим Наим Фатихович Каримов бугун, 17 сентябр куни 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фанлар академияси

«Уларнинг ўзбек адабиёти, тилшунослиги, илм-фанига қўшган ҳиссаси, эзгу ишлари шогирдлари, замондошлари қалбида мангу яшайди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси номидан марҳумнинг оила аъзолари ва барча яқинларига чуқур ҳамдарлик билдирамиз», дейилади Фанлар академияси томонидан эълон қилинган таъзия матнида.

Маълумот учун, Наим Каримов 1932 йилда Тошкентда зиёли оилада туғилган. У 1955 йилда САГУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетини тамомлаган. Университетни битиргач Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтига ишга кирган. Узоқ йиллик фаолияти давомида олим Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ҳамза Ҳакимзоданинг кўп жилдлик асарлар тўпламларини тайёрлаб, нашр қилдиришда қатнашган. Наим Каримов мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси раиси сифатида Тошкентда Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасини бунёд этиш (2001), шунингдек Қатағон қурбонлари музейини ташкил қилишда (2002) жамоатчилик ишларини амалга оширган. Адабиётшунос олим соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик меҳнатлари эвазига Ўзбекистон Давлат фан арбоби (1996), «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, «Биринчи даражали давлат мукофоти» (2022), филология фанлари доктори (1993), профессор (1994), академик (2017) каби унвон ва орденлар билан мукофотланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: