Андижонда аёл ўзини учинчи қаватдан ташлади – видео
«Ҳаётдан тўйгани» сабабли аёл шу қарорга келган.
27 октябр куни Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида аёл уйнинг учинчи қаватидан ўзини ташлаган. Бу ҳақда Андижон вилояти прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2023 йил 27 октябр куни соат 23:30 лар атрофида фуқаро Н.Р. вилоят ИИБнинг «102» қисқа рақамига мурожаат қилган. Сўнг, фуқаронинг мурожаати асосида Андижон шаҳар ИИО ФМБ профилактика инспекторлари Андижон шаҳар, 3-кичик даҳа, 7-уй, 22-хонадонга етиб келишган. Бу вақтда хонадон эгаси фуқаро Н.Г. уйнинг деразаси ташқи томонига чиқиб, ҳаётдан тўйганлигини билдириб бақираётган бўлган.
Хонадон эшиги берклиги сабабли вилоят ФВБнинг қутқарув гуруҳи ходимлари чақиртирилиб, эшик очиб кирилган. Деразанинг ташқи томонида турган фуқаро Н.Г. дан пастга тушиши сўралганда, фуқаро Н.Г. эҳтиётсизлиги туфайли сирпаниб кетиб, учинчи қаватдан тушиб кетган.
Оқибатда фуқаро Н.Г. оғир тан жароҳатлари билан РШТЁИМнинг вилоят филиалига олиб борилган ва тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳаёти сақланиб қолинган.
Хозирда мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.