18:30 | 10.08.24
Андижонда ноқонуний дори савдоси билан шуғулланган 2 нафар шахсга жиноий иш қўзғатилди.
Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида яшовчи, 41 ёшли эркак синфдоши билан ўзаро тил бириктириб, ноқонуний дори воситаларини олиб ўтаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг август ойида Қирғизистонда яшовчи шахслар томонидан Ўзбекистонга давлат чегараси орқали ноқонуний ўтказилган 87 турдаги «Фокусин», «Допегит», «Когитум», «Эринит» ва бошқа дори воситаларини қабул қилиб олган вақтида ДХХ ҳамда божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ хулосасига кўра, дори воситаларининг умумий қиймати 1.616.802.000 сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» ДМ экспертиза текшируви хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг маълум бир қисми тиббий буюмлар ва тиббий техникалар давлат рўйхатидан ўтмаган. Давлат реестрига киритилмаган ҳамда уларга нисбатан мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган.
Қайд этилишича, фуқаролардан бири муқаддам уюшган гуруҳ таркибида валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятларини содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Ҳолат юзасидан 2 нафар шахсга нисбатан ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 182 моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди томонидан эса фуқаролардан бири 5 йил ва унинг шериги 3 йилга қамалди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: