21:15 | 14.08.24

                       

Андижонда ўқитувчиларни мажбурий ишлатган директорга чора кўрилди

Андижонда 30 га яқин ўқитувчиларни мажбурий ишлатган директорга қонуний чора кўрилди.

Бандлик вазирлиги матбуот хизмати ўқитувчи-педагогларни мажбурий ишлатган директор жаримага тортилганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчи-педагоглари мажбурий меҳнатга жалб қилингани бўйича хабарлар тарқалган.

Ушбу ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди. Мактаб директори ўз кўрсатмасида, таълим муассасасида қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимларни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб ушбу ишларни кўрсатмаси асосида бажарганини қайд этган.

Ўрганиш давомида Меҳнат кодексининг 25-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талабларини бузганлиги аниқланган.

Шу сабабли, Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (34 000 000) миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: