10:35 | 24.02.23

                       

АҚШ давлат котиби келаси ҳафта Ўзбекистонга келади

У қатор минтақавий ва икки томонлама масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳокамалар ўтказади

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 28 февралдан 3 мартгача Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон мамлакатларида бўлади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: AP Photo

У ташрифни Остона шаҳридан бошлаб, минтақадаги бешта давлат вакиллари билан «АҚШнинг Марказий Осиёдаги давлатлар мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаш ва умумглобал муаммоларга ечим излашда минтақа билан ҳамкорлик учун» C5+1 (Марказий Осиё мамлакатлари + АҚШ) вазирлар учрашувида иштирок этади.

Таъкидланишича, C5+1 вазирлар йиғилишида АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, энергетика, атроф-муҳит ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

«Шундан сўнг Энтони Блинкен Тошкентга келади ва бу ерда расмийлар билан ‘бир қатор минтақавий ва икки томонлама масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришʼ юзасидан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Бу унинг Ўзбекистонга биринчи ташрифи бўлади», дейилади хабарда.

1 март куни у Нью-Деҳлига жўнаб кетади. Унда G20 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, гиёҳвандликка қарши кураш, глобал соғлиқни сақлаш, гуманитар ёрдам ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш соҳаларида кўп қирралиликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга эътибор қаратилади.

Аввалроқ АҚШ элчиси Американинг Марказий Осиёдаги Россия базаларидан фойдаланиш режаси ҳақида гапиргани, Исматилла Иргашев АҚШ элчиси билан Афғонистон масаласини муҳокама қилгани, АҚШ Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлишда ёрдам бериши тўғрисида хабар берилганди.