11:54 | 06.11.24
АҚШда барча сайлов участкалари ёпилди. Дастлабки маълумотларга кўра, Трамп асосий штатларда етакчилик қилмоқда ва айрим нашрлар унинг ғалаба қозонганини эълон қилмоқда. Харрис тарафдорлари олдида сўзга чиқишдан бош тортди.
Аляскада АҚШ президенти сайлови учун сўнгги сайлов участкалари ёпилди. Улар маҳаллий вақт билан соат 20:00 гача ишлади.
Аляскада овоз беришнинг дастлабки натижалари ҳозирча маълум эмас, аммо 2020 йилги аввалги президентлик сайловларида Трамп 52,8 фоиз натижа билан, унинг рақиби Жо Байден эса 42,8 фоиз натижа билан ғалаба қозонган эди. Бироқ Байден умуммиллий овоз беришда ғолиб бўлган эди.
Мазкур сайловда ҳали расман ғолиб аниқланмади. Лекин The Hills, Fox News, New York Times каби айрим нашрлар Трампнинг ғалаба қозонганини эълон қилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, Трамп зарур бўлган 270 нафар сайловчидан 246 нафарини, Харрис эса 210 нафарини қўлга киритмоқда. Республикачилар сенатда ҳам (51 га 42), вакиллар палатасида ҳам (182 га 150) кўпроқ ўринларни эгалламоқда.
New York Times газетаси республикачининг ғалаба қозониш эҳтимолини 306 нафар сайловчи билан 95% деб баҳоламоқда. Газетанинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир штатда Трамп 2020 йил натижаларига нисбатан ўз аҳволини яхшилади.
Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида тарафдорлари олдида сўзга чиқишга тайёрланмоқда, Харрис штаб-квартираси эса ҳозирча у оммавий баёнот бермаслигини маълум қилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: