18:47 | 20.07.23 13645

Asad Algo вафоти билан боғлиқ қўшимча маълумот ва янги тафсилотлар очиқланди

Asad Algo пойтахт боғларининг бирида жанжаллашиб, тан жароҳати олган.

Пойтахт ИИББ вафот этган блогер Asad Algo билан боғлиқ қўшимча маълумотлар берди ва вазият билан боғлиқ янги тафсилотларни очиқлади.

Тошкент шаҳар ИИББ қайд қилишича, Асадбек Арзикулов 16 июл куни тахминан соат 18:30 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги «Эко боғ» ҳудудида 1997 йилда туғилган Абдулазиз И. билан келишмовчилик сабабли жанжаллашиб, бунинг оқибатида Asad Algo тан жароҳати олган. Сўнг йигитлар ўзаро келишиб олиб, тарқалишган. Ҳолат юзасидан Асадбек Арзикулов на ИИОга ва на шифокорларга мурожаат қилмаган.

Asad Algo’нинг тоби 19 июл куни қочган. У Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борилган, унга «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош субдурал гематомаси, бўйин соҳаси қонталаши, иккала тиззаси ва иккала тирсагида кўкарган жароҳатлари» ташхиси қўйилган ва бошидан операция ўтказилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан Асадбек Арзикулов вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Instagram’да Asad Algo номи билан танилган, салкам 1 миллионга яқин кузатувчига эга бўлган блогер кеча, 19 июл куни операция вақтида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маълумот учун, 20 ёшли Asad Algo тармоқларда инстаблогер Севинч Саъдуллаева билан биргаликда видеолар олиб танилганди. Ўшанда олинган видеолар одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлгани, жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жойлаштирилгани, жамоат тартибини бузиш деб баҳоланиб Севинч Саъдуллаева  5 суткага қамалганди.