Автомобил йўллари қўмитаси Жанубий Корея компаниялари вакиллари билан музокара ўтказди
Учрашувда умумий қиймати бир млн АҚШ долларни ташкил этган грант лойиҳаси ишлаб чиқилди.
18 октябрда Тошкент шаҳрида жойлашган Автомобил йўллари қўмитасида Жанубий Кореянинг SAMAN ва KESS компаниялари мутасаддилари билан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Dunyo ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашув давомида узоқ муддатли бош режа, бошқарув йўриқномаси, давлат хусусий шерикчилик асосида йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш сифатини назорат қилиш стандартлари ҳамда салоҳиятни ошириш дастурларини тақдим этиш орқали Ўзбекистонда давлат хусусий шерикчилик асосида қуриладиган йўллар учун ҳуқуқий асос яратиш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзаро мулоқотдан сўнг, музокаралар конференция кўринишида давом этган.
Шунингдек, шерикчилик асосида қуриладиган йўллар мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, аҳолининг сифатли йўлдан фойдаланиши ҳамда соҳа ривожи учун фойдали эканлигини ҳамкорлар таъкидлаб ўтган.
Шу билан бирга, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларини ташкил этган грант лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги йўллар ўрганилади ва йўлларни эксплуатация қилиш, таъмирлаш, сақлаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади.
Давлат хусусий шерикчилиги асосида қуриладиган йўллар доимий назоратда бўлади.
Учрашув якунида ушбу лойиҳани амалга ошириш механизмини яратиш бўйича келишиб олинган.